
Ўзбекистон президенти 2026 йил 7 апрелдаги қарори билан нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида гўшт маҳсулотларини импорт қилувчиларга давлат бюджетидан вақтинчалик субсидиялар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди. Ҳужжат аҳолини ушбу маҳсулотлар билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
2026 йил 1 августга қадар мол ва қўй гўшти импорт қилувчиларга ушбу маҳсулотларни ҳаво транспорти орқали ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир килограмм учун 0,8 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган миқдорда компенсация тўланади.
Бундан ташқари, 31 декабрга қадар ҳаво транспорти орқали импорт қилинган наслли йирик шохли қарамоллар қийматининг 10 фоизи, лекин ҳар бир бош чорва моли учун 4 миллион сўмдан ошмаган миқдорда компенсация қилинади.
Ушбу субсидияларни молиялаштириш Аграр соҳада хизматлар кўрсатиш агентлиги томонидан амалга оширилади.