Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 21/04/2026

Сурхондарёлик аёл Ичан-қалъадаги ҳайкални ўпгани учун жаримага тортилди

Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди сурхондарёлик 25 ёшли аёлни ҳайкални ўпгани учун жаримага тортди.

Иш материалларига кўра, 2026 йил 21 февраль куни аёл Хивадаги «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган, Жума масжиди яқинидаги Хоразм миллий мусиқа санъати арбобларига бағишланган ҳайкални ўпган. У ўз ҳаракатларини видеога олиб, Instagram ижтимоий тармоғидаги сторис бўлимига жойлаштирган.

Судда у айбини тан олиб, Хивага туристик мақсадда келганини тушунтирди, қилмишидан пушаймонлигини билдирди ва ҳомиладорлиги ҳамда оилавий мажбуриятларини инобатга олиб, жазони енгиллатишни сўради.

Суд унинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-1-моддаси 1-қисми (моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш) бўйича малакалади. Жазо тайинлашда айбини тан олиш, пушаймонлик, оилавий аҳвол ва муқаддам бундай ҳуқуқбузарлик содир этмагани ҳисобга олинди.

Аёлга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари (2,06 млн сўм) миқдорида жарима белгиланди. Суд қарорига кўра, жарима давлат фойдасига ундирилади. Агар жарима 15 кун ичида ихтиёрий равишда тўланса — сумманинг 50 фоизини, 30 кун ичида тўланса — 70 фоизини тўлаш имконияти мавжуд.