
Ўзбекистон президенти 2026 йил 25 март куни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жарималар миқдорини оширишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йи 23 сентябрда қабул қилинган ва 19 декабрда Сенат томонидан маъқулланган эди. Ўзгаришлар уч ойдан кейин — 2026 йил 28 июндан кучга кириши керак.
Ушбу қонун билан жиноий жавобгарлик кучайтирилмайди. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳатто ҳайвонни ўлдирганлик учун ҳам, агар у биринчи марта содир этилган бўлса, фақат жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси белгиланади.
Жарималарнинг ҳаддан ташқари юмшоқлигидан жамоатчиликнинг норозилиги ортиб бораётгани ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликнинг даҳшатли ҳолатлари давом этаётгани фонида, яқин орада янада қаттиқроқ жавобгарлик чоралари қабул қилиниши эҳтимоли бор.
Шанба куни Экологик партия ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишни тартибга солиш масаласи «тизимли ва мажмуавий ҳуқуқий ёндашув»ни талаб қилишини маълум қилди. Партия жамоатчиликдан энг самарали ёндашувларни излашда иштирок этишни сўрамоқда.
Июнь охиридан жарималар ошиши
Қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийнаш ёки азоб бериш БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади (ҳозирда 3 бараваридан 5 бараваригача).
Худди шундай ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса ёхуд вояга етмаган шахс ҳузурида содир этилса ёки ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда 5 бараваридан 10 бараваригача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиб келади.
Экопартия нималарни таклиф қилмоқда
Экопартиянинг «Шафқатсизликка чек қўйиш вақти келди» сарлавҳали баёнотида ҳайвонларга нисбатан кўплаб зўравонлик ҳолатлари «шунчаки эрмак учун» содир этилаётганидан хавотир билдирилган.
Амалдаги жавобгарлик чоралари «етарли эмас ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни тартибга солиш масаласи тизимли ва мажмуавий ҳуқуқий ёндашувни талаб қилади», деб таъкидлади партия.
У ерда «Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси — «кўплаб хорижий мамлакатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаси асосида» ишлаб чиқилмоқда.
Ҳужжатда «фақат жавобгарлик масалалари эмас, балки муаммонинг илдизига таъсир қилувчи чоралар» ҳам кўзда тутилади, жумладан:
- ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳисобланувчи ҳаракатларнинг аниқ қонуний таърифи ва бундай ҳаракатларни қатъий тақиқлаш;
- ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш — жаримани БҲМнинг 200 бараваригача ва озодликдан маҳрум қилиш муддатини 1 йилгача ошириш (ҳозирда 50 бараваригача ва 6 ойгача);
- айбдор шахс ҳайвонга етказилган зарар билан боғлиқ унинг соғлиғини тиклаш бўйича ветеринария харажатларини (улар қанчалик юқори бўлмасин) тўлиқ қоплаши керак;
- жамоат жойларида ҳайвонларни сақлаш учун қулай шароитларни (pet-friendly) ташкил этишни қонуний мустаҳкамлаш, жумладан, кўзи ожизларнинг йўл бошловчи итлари ва эмоционал қўллаб-қувватловчи ҳайвонлардан жамоат транспортида фойдаланиш учун имтиёзлар бериш;
- ҳайвонлар эгаларининг уларни ҳимоя қилиш, ветеринария хизматлари кўрсатилишини ташкил этиш, уларни қаровсиз қолдирмаслик бўйича мажбуриятларини белгилаш, шунингдек, ҳайвонларни қаровсиз қолдириш ҳолатларига чек қўйиш;
- таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларида ҳайвонларга меҳр-мурувват ва эҳтиёткорона муносабатда бўлиш маданиятини шакллантириш мақсадида тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ва уни тарғиб қилишни тақиқлаш.
Экопартия қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича жамоатчиликдан келадиган барча таклифларни қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Партияга info@ecouz.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиш мумкин.
Юмшоқ жазо жамоатчиликни ғазаблантирмоқда
2025 йилда Ўзбекистонда Олий суд маълумотларига кўра, 70 киши ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Улардан тўрт нафарига қамоқ, 66 нафарига эса жарима тайинланган. Бундай ҳолатлар бўйича жиноий ишлар кўриб чиқилмаган.
Юқорида таъкидланганидек, фақат жаримадан кейингина паст ниятларда ҳайвонни ўлдириш ёки унга шикаст етказиш учун суд БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаши мумкин.
Ушбу жиноят учун жиноий жавобгарлик фақат 2021 йилда жорий этилган эди. Ўшанда маъмурий жавобгарлик ҳам кучайтирилганди — бунгача БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима фақат ҳайвон ўлганда ёки майиб бўлганда тайинланарди, қамоқ жазоси эса умуман кўзда тутилмаган эди.
Ўша вақтда «Mehr va oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ижроия қўмитаси раиси бўлган Тимур Арипов шундай деган эди: «Биз бу меҳнат натижасини кўриш учун саккиз йиллик узоқ йўлни босиб ўтдик… Ҳали қилинадиган ишлар кўп».
Тошкент вилоятидаги Gulkam Resort меҳмонхонасида икки эркак томонидан мушукларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши воқеасидан сўнг, фаоллар бундай жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича имзо йиғишни бошлагани ҳақида ёзган эди. 15,5 мингдан ортиқ киши онлайн петицияни, юзлаб фуқаролар эса қоғоздаги нусхасини имзолади.