
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Исомиддин Исмоновни қўлга олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маҳкама маълумотларига кўра, 2026 йил 5 апрель куни вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу санкциялар 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Тергов доирасида Исмонов гумонланувчи тариқасида ушланган.
«Дарё» давлат нашрининг манбаларига таяниб хабар беришича, мансабдор шахс ўз уйида 50 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган бўлиши мумкин.
Нашр маълумотларига кўра, 4 апрель куни фуқаро С. Т.нинг аризаси асосида Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Терговнинг ҳисоблашича, Исмонов давлат захирасида бўлган Бобур туманидаги 20 сотих ер майдонини олиб беришда, кейинчалик ҳужжатларни расмийлаштириш ва қурилишга рухсат олишда ёрдам беришни ваъда қилган бўлиши мумкин. Бунинг эвазига у ҳар бир сотих учун 2500 доллардан — жами 50 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда.
Исомиддин Исмонов 2025 йил декабрь ойида Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бунгача у ИИВ тизимида ишлаган, жумладан, Тезкор-қидирув департаменти Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2022—2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган.
2025 йил декабрь ойида Андижон вилояти ҳокимининг аввалроқ судланган собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроев муддатидан олдин озодликка чиқарилган эди.