
Centrum Air авиакомпанияси айрим халқаро йўналишларда ёқилғи йиғимлари «тузатилиши» ҳақида маълум қилди. Ушбу қарор жаҳон бозорларида авиация ёқилғиси нархининг сезиларли даражада ошиши муносабати билан қабул қилинган, дейилади компания матбуот хизмати томонидан тақдим этилган хабарда.
«Ўзгаришлар ёқилғи нархи динамикаси операцион харажатларга энг катта таъсир кўрсатган бир қатор мунтазам йўналишларга дахл қилади. Ёқилғи йиғимининг тузатилиши ошган харажатларни қисман қоплаш ва парвозлар дастури ижросининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган», — деб қайд этди ташувчи.
Centrum Air авиачипталарнинг «базавий тарифлари рақобатбардош бўлиб қолишини, киритилган ўзгаришлар эса чекланган характерга эга экани ва айрим йўналишлар бўйича нуқтали қўлланилишини» таъкидлади. Авиакомпания харажатларни оптималлаштириш ва ташқи омилларнинг йўловчилар учун ташиш нархига таъсирини камайтириш чораларини кўрмоқда.
Компаниянинг таъкидлашича, бу қарор «жадвал барқарорлигини сақлаш, парвозлар хавфсизлигининг юқори даражасини таъминлаш ва авиация ёқилғиси нархларининг ўзгарувчанлиги шароитида операцион фаолият узлуксизлигини таъминлаш» имконини беради.
Ўзбекистоннинг бошқа авиаташувчилари ҳозирча тарифлар қайта кўриб чиқилиши ҳақида хабар беришмади.