Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 09/04/2026

Шахматчи Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирида таъқибчилари билан орадаги фарқни оширди

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 2026 йил 7 апрель куни Кипрда бўлиб ўтган Номзодлар турнирининг саккизинчи турида россиялик гроссмейстер Андрей Есипенко билан дуранг ўйнади.

Синдаров қора доналарда ҳаракат қилган партия 24-юришдан кейин якунланди. Рақиблар тенг позицияда дурангга рози бўлишди.

8 турдан сўнг ўзбекистонлик шахматчи 6,5 очко (5 та ғалаба ва учта дуранг) жамғариб, турнир жадвалида якка пешқадамликни сақлаб қолмоқда.

Шу билан бирга, у энг яқин таъқибчиси — Фабиано Каруана билан орадаги фарқни икки очкогача оширди. АҚШ вакили қора доналарда ўйнаб, Хикару Накамурага имкониятни бой берди.

Бошқа партияларда Рамешбабу Прагнанандха Аниш Гирига ютқазди, Маттиас Блюбаум ва Вэй И эса дурангга рози бўлишди.

2026 йил 8 апрель куни ўтадиган тўққизинчи турда Синдаров қора доналарда олти марта дуранг ўйнаб, бир бор мағлубиятга учраган Блюбаумга қарши баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик гроссмейстер имкони бўлган 7 очкодан 6 очкони (5 ғалаба ва 2 дуранг) қўлга киритиб, турнирнинг биринчи даврасини якка пешқадам сифатида якунлаган эди. Бу Номзодлар турнирининг замонавий тарихидаги энг яхши старт ҳисобланади.

Синдаровнинг натижаси аввалги турнирлар статистикаси фонида алоҳида эътиборга лойиқ: Номзодлар турнирининг кўплаб бўлажак ғолиблари бутун турнир давомида жами 5 тага яқин ғалабага эришган. Масалан, Магнус Карлсен (2013), Фабиано Каруана (2018), Ян Непомнящий (2021, 2022) ва Гукеш Доммаражу (2024) турнир давомида 5 тадан ғалаба қозонган, Сергей Карякин (2016) — 4 та, Вишванатан Ананд (2014) эса 3 та ғалаба билан ғолиб бўлган.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёрамизнинг энг кучли 8 нафар гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) ўзаро кураш олиб боришади. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс юритиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.