
Президент Дональд Трамп Пэм Бондини АҚШ бош прокурори лавозимидан бўшатди, деб хабар беради CNN. У ушбу лавозимда бир йилдан сал кўпроқ вақт давомида ишлади.
Бош прокурор (адлия вазири) вазифасини вақтинча бажариш Бондининг ўринбосари Тодд Бланш зиммасига юклатилади.
«Пэм Бонди — Американинг буюк ватанпарвари ва содиқ дўсти, у ўтган бир йил давомида бош прокурор сифатида садоқат билан хизмат қилди. Пэм бутун мамлакат бўйлаб жиноятчиликка қарши кучли зарба беришга раҳбарлик қилиб, ажойиб ишларни амалга оширди. Натижада қотилликлар сони 1900 йилдан бери энг паст даражага тушди. Биз Пэмни яхши кўрамиз ва у хусусий секторда жуда керакли ҳамда муҳим бўлган янги ишга ўтмоқда, бу ҳақда яқин келажакда эълон қилинади», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
CNN манбаларининг сўзларига кўра, Трамп Бондидан бир неча йўналиш бўйича, жумладан, Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳаракатлари, шунингдек, ўзининг сиёсий рақибларини суд тартибида етарлича фаол таъқиб қилмагани учун норози бўлган.
60 ёшли Бонди охирги бир неча ҳафта ичида истеъфога чиқарилган АҚШ президенти кабинетининг иккинчи аъзоси бўлди. Март ойида Трамп Миллий хавфсизлик вазирлиги раҳбари Кристи Ноэмни лавозимидан бўшатган эди. Телеканал манбаларидан бирининг айтишича, Ноэмнинг истеъфоси силлиқ кечгани сабабли, президент жамоадаги ўзгаришларга анча хотиржам муносабатда бўла бошлаган.
Бондининг ўзи Х тармоғида яқин бир ой ичида ишларни Бланшга топшириш билан шуғулланишини, сўнгра хусусий секторга ўтишини маълум қилди. «Президент Трампнинг Америка хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тарихий ва ҳақиқатда натижали саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилиш ҳаётимдаги энг катта шараф бўлди», — деб қайд этди.
CNN маълумотларига кўра, Трамп янги адлия вазири лавозимига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари Ли Зелдин номзодини кўриб чиқмоқда.
Пэм Бонди 2025 йил 5 февралдан бери АҚШ бош прокурори лавозимини эгаллаб келаётган эди. У 2011 йилдан 2019 йилгача Флорида штати бош прокурори сифатида ҳам ишлаган ва бу лавозимдаги биринчи аёл бўлган. 2020 йилда Бонди Дональд Трампга нисбатан биринчи импичмент жараёнида унинг адвокатлар жамоаси таркибига кирган.