
Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман суди Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган Ўзбекистон фуқароси Д. М.га нисбатан ишни кўриб чиқди.
Иш материалларига кўра, Андижон вилоятида яшовчи Д. М. 2022 йил октябрь ойида Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан уч ой муддатга шартнома имзолаган. Эркак ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва хизмат муддати тугагунга қадар жанговар ҳаракатлар зонасида бўлган. У Луганск ҳудудидаги жангларда қатнашган, унга АК-74 автомати бириктирилган.
Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди ва пушаймонлигини билдирди. Д. М.нинг тушунтиришича, у 2021 йилда отаси билан бирга Россияга ишлаш учун борган, шартномани эса, унинг сўзларига кўра, мажбурий характерга эга бўлган ҳолатларда имзолаган.
Эркакнинг айтишича, Москвада бўлган вақтида у ва отаси билан Россия фуқароси ўртасида можаро келиб чиққан. Шундан сўнг полиция ходимлари уларни ҳибсхонага жойлаштирган ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун шартнома имзолаш шарти билан озод қилишни таклиф қилган.
У, шунингдек, ҳарбий хизмат давомида қурол ишлатмаганини, ошпаз бўлиб ишлаганини ва бошқа давлат томонида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш ғайриқонуний эканини билмаганини таъкидлади.
Суд Д. М.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) бўйича айбдор деб топди, бироқ айбига иқрор бўлгани, пушаймонлиги, илгари судланмагани каби енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олди, шу билан бирга оғирлаштирувчи ҳолат — моддий манфаатдорлик мавжудлигини кўрсатиб ўтди. Судланувчи жазони умумий тартибли колонияда ўташ шарти билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, маҳкумдан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг этап қилиш билан боғлиқ 19,38 млн сўм миқдоридаги харажатлари ундирилди.