
Глобал етказиб беришдаги узилишлар фонида Ўзбекистон харажатларнинг бир қисмини қоплаган ҳолда товарларни етказиб бериш учун авиациядан фойдаланишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 30 март куни президент раислигида ўтган йиғилишдан сўнг иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов маълум қилди.
«Дунёдаги геосиёсий вазият, ноаниқлик даражаси, бозорлардаги кескин тебранишлар, маҳсулот етказиб беришдаги узилишлар ва логистика занжирларининг узилишини ҳисобга олган ҳолда, президент барча йўналишларга — хоҳ иқтисодиёт, инвестициялар, экспорт бўлсин, хоҳ қурилиш ёки қишлоқ хўжалиги — биргаликда ва мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаш бўйича аниқ топшириқлар берди», — деди Илҳом Норқулов.
2026 йил январь-март якунларига кўра ЯИМ ўсиши 7,5 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда, бироқ йиллик кўрсаткичлар учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин бўлган иккинчи чоракка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Шу билан бирга, давлат раҳбари иккинчи чорак бутун йил учун кўп жиҳатдан ҳал қилувчи бўлишини алоҳида таъкидлади. У қарорларни кечиктирмасдан, ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича тезкор чора кўришни топширди», — деб қайд этди вазир ўринбосари.
Импорт етказиб бериш барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар қаторида авиациядан фойдаланиш кўриб чиқилмоқда.
«Президент, шунингдек, зарур ҳолларда давлат авиаташувлар харажатларининг бир қисмини қоплаб беришга тайёрлигини қайд этди. Яъни, агар автотранспорт имкониятлари чекланган бўлса, етказиб бериш нафақат қуруқлик орқали, балки авиация воситасида ҳам амалга оширилиши мумкин», — деб хабар берди.
Бундан ташқари, глобал вазиятни ва унинг иқтисодий ўсишга эҳтимолий салбий таъсирини юмшатиш заруратини ҳисобга олган ҳолда, барча тармоқ ва ҳудудларнинг иккинчи чоракка тайёргарлигини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди, дея қўшимча қилди Норқулов.
Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов корхоналарни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берди.
«Ишлаб чиқариш ҳажми камайган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, маҳсулот ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ва кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоиздан кўпроққа камайган туманларга ёрдам кўрсатиш вазифаси қўйилди», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
2026 йил 30 март куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев инфляцияни 6−6,5 фоиз доирасида ушлаб туриш вазифасини қўйган, шунингдек, озиқ-овқат импорти, логистика муаммоларини ҳал қилиш ва муқобил транспорт йўналишларидан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўришни топширган эди.