
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 2026 йил 22 мартдан, Самарқандда — 24 мартдан, Жиззахда эса 28 мартдан зарарли чигирткалар тухумдан чиқа бошлагани қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълум қилди.
Идоранинг аниқлик киритишича, гап марокаш чигирткаси ҳақида бормоқда.
Мутахассислар чигирткаларнинг қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларига тарқалиб кетишининг олдини олиш устида ишламоқда, дейилади хабарда. Барча ҳудудларда назорат ишлари кучайтирилган, чигирткалар тўпланган жойларда кимёвий ишлов берилмоқда.
Агентлик ҳар йили ишлов бериш ишлари водий вилоятларидан бошланиб, Қорақалпоғистонда якунланишини эслатиб ўтди.
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, ишлар учун 53 та махсус пуркагичли автомобиль, 194 та пуркагичли трактор, 1000 дан ортиқ қўл моторли пуркагичлари, 25 та сув ташиш воситаси ва 66 та мотоцикл тайёрлаб қўйилган. Ёнилғи-мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар захираси шакллантирилган.
2026 йилда жами 651,8 минг гектар майдонда кимёвий ишлов бериш ўтказилиши прогноз қилинмоқда. Ҳозиргача 22 минг гектардан ортиқ майдон кўздан кечирилди, 3641 гектарда кимёвий ишлов ўтказилди.
Чигирткага қарши курашиш учун барча вилоятларда штаблар, туманларда эса тезкор курашиш гуруҳлари тузилган.
«Ўзбекистонда чигиртканинг 200 га яқин тури мавжуд бўлиб, ҳар йили 6−8 турдаги тўда бўлиб юрувчи зарарли чигирткаларга қарши кураш олиб борилади. Мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун чигирткага қарши кураш хизмати 24/7 режимига ўтказилди. Республика бўйича мониторинг ва қарши кураш ишларига 700 га яқин мутахассис жалб этилган», — деб хабар берди агентлик.

Кимёвий ишлов бериш бепул амалга оширилади.
Зарарли чигирткалар тарқалиши ҳақидаги маълумотларни 1288 ёки 71−202−10−00 рақамлари орқали етказиш мумкин. Агентлик ҳудудлардаги масъул мутахассисларнинг телефон рақамларини ҳам эълон қилди.
2025 йил июнь ойида агентлик кўчиб юрувчи тўдалар ҳосил қиладиган ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари, яйлов ва далалар учун хавф туғдирадиган чигиртка турларига қарши бевосита кураш олиб боришини тушунтирган эди.