Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 08/04/2026

Нефть нархининг ошиши ва логистикадаги узилишлар Ўзбекистондаги инфляцияга таъсир қилиши мумкин — Марказий банк раиси

Жаҳон бозорида нефть нархининг тебраниши ва логистикадаги узилишлар Ўзбекистонда инфляция босимини кучайтириши мумкин. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Марказий банк раиси Тимур Ишметов таъкидлади.

2026 йил 30 март куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев инфляцияни 6−6,5 фоиз доирасида ушлаб туриш вазифасини қўйди, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари импорти, логистика муаммоларини ҳал этиш ва муқобил транспорт йўналишларидан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш юзасидан топшириқ берди.

Марказий банк раҳбарининг қайд этишича, ҳозирги инфляция даражаси барқарор бўлиб қолмоқда, бироқ ташқи омиллар нарх-наво учун қўшимча хавфларни юзага келтирмоқда.

«Йиллик ҳисобда инфляция 7,3 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда, ваҳоланки аввалроқ жорий йилда уни 6,5 фоизгача пасайтириш мақсад қилинган эди. Бироқ жаҳон бозорларидаги ўзгаришлар — нефть нархининг тебраниши, логистикадаги узилишлар — импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия ресурслари нархига, демакки, бошқа товарлар нархига ҳам таъсир қилиши мумкин», — дея таъкидлади.

Шу муносабат билан ҳукумат нархлар босимини жиловлаш учун олдиндан чоралар кўриш ниятида.

«Шу боис, олдиндан кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, бир қатор товарларни импорт қилиш режалари, логистика ва етказиб беришнинг муқобил йўналишлари, шунингдек, энг аввало, ўз ишлаб чиқаришимизни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди», — деб хабар берди МБ раҳбари.

Миллий статистика қўмитаси директори Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, президент томонидан нархлар барқарорлигини таъминлаш, товарларни маҳаллийлаштириш, уларнинг логистикаси, импорт ва экспорти масалалари бўйича аниқ вазифалар қўйилган. Унинг сўзларига кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида олинган маълумотларни ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланиш учун тезкорлик билан қайта ишлаш топширилган.

Жаҳон нефть ва газ бозоридаги вазият нархларнинг кескин кўтарилиши ва юқори ўзгарувчанлик (волатиллик) билан тавсифланмоқда. Котировкалар 100 доллардан ошиб кетди (низогача 70−75 доллар атрофида сотилаётган эди). Бунга асосий сабаб сифатида Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви, хусусан, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциясидан кейинги ҳолат кўрсатилмоқда.