Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Тадбиркорларда масъулият ҳиссини шакллантириш вақти келди» — Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари

2026 йил февраль ойида Солиқ қўмитасига фуқаролардан 22 мингга яқин мурожаат келиб тушган, улар орасида терминал орқали тўловларни қабул қилишдан бош тортиш ва даромадларни яшириш мақсадида P2P-ўтказмалар орқали тўловларни қабул қилиш ҳолатлари ҳам бор. Бу ҳақда 2026 йил 27 март куни Марказий банк томонидан ташкил этилган медиа-мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев маълум қилди.

Учрашувда таъкидланишича, давлат томонидан хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатларга қарамай, қонунчиликни четлаб ўтиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Хусусан, сотувчилар турли баҳоналар билан терминал орқали тўлов қабул қилишдан бош тортмоқдалар.

Тошкентнинг йирик бозорлари — «Отчопар», «Абу Сахий» ва «Ўрикзор»да сотувчилар кўпинча терминал йўқлиги ёки бузилганини рўкач қилиб, тўловларни P2P-ўтказмалар орқали қабул қилишмоқда. «Маҳалла» радиоканали мухбири Тўлқин Ёрқулов расмийлардан бундай қоидабузарликларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани ва жавобгарлик масаласи қандай ҳал этилаётгани билан қизиқди.

Жаҳонгир Абдиевнинг сўзларига кўра, мурожаатларнинг аксарияти айнан терминал орқали тўлов қабул қилишдан бош тортиш билан бевосита боғлиқ. Биргина февраль ойида 21 964 та мурожаат келиб тушган. Энг кўп учрайдиган шикоятлар орасида — касса чеки бермаслик, банк карталари орқали тўловни қабул қилмаслик ва карта орқали тўлов қилинганда суммани ошириб айтиш ҳолатлари бор.

Қўмита томонидан ўтказилган текширувлар 99,2 фоиз ҳолатда қоидабузарликларни тасдиқлади, деди. Шу билан бирга, 6700 та ҳолатда улар такроран содир этилган.

«Энг ачинарлиси, текширувлар давомида субъектга нисбатан аввал жарима қўлланилган бўлса-да, қоидабузарликлар яна такрорланаётган ҳолатлар аниқланмоқда… Бундай ҳолат 5-6 марталаб юз бераётган вазиятлар ҳам бор… Бу тадбиркорларда масъулият ҳиссини шакллантириш вақти келганидан далолат беради», — деди идора раҳбари ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, мурожаатларнинг 15–20 фоизи айнан P2P-ўтказмалар орқали тўлов қабул қилиш билан боғлиқ. Қоидабузарлик тасдиқланган тақдирда, тадбиркорга 5 млн сўм, бир ой ичида тўланганда эса 2,5 млн сўм миқдорида жарима қўлланилади.

«Сиз тўғри таъкидладингиз — жазонинг муқаррарлиги таъминланиши керак. Агар жарима қўлланилганидан кейин фуқаронинг масъулият ҳисси шаклланмаса, демак, жарима миқдорини қайта кўриб чиқиш, жазони кучайтириш ёки бошқа чораларни кўриш зарур. Ҳозирда биз ушбу йўналишда таклифлар тайёрлаяпмиз. Эҳтимол, таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан ёндашувни қайта кўриб чиқишимиз керакдир», — дея таъкидлади Абдиев.

Ўз навбатида, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров P2P-ўтказмаларни чеклаш энг мақбул ечим эмаслигини, чунки бу нақд пул айланмасининг ўсишига олиб келиши мумкинлигини айтди.

«Бу табиий жараён ва биз картадан картага ўтказмаларга чекловлар жорий этишни нотўғри деб ҳисоблаймиз. Биласизки, агар бундай чекловлар киритилса, аҳоли нақд пулда ҳисоб-китоб қилишга ўтади ва биз аввалги ҳолатга қайтамиз. Асосий транзакциялар яна нақд шаклда амалга оширила бошлайди. Биз учун эса пуллар банк тизимида қолиши муҳим — бу ҳам жамият, ҳам иқтисодиёт учун фойдали», — деди.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик «пуллар банк тизимидан чиқиб кетмаслиги»ни таъминлайдиган тартибга солиш тизимини яратиш устида ишламоқда.

«Олдимизда иккита вазифа турибди: хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш ва маблағларнинг банклардан чиқиб кетишига йўл қўймаслик. Бир томондан, хуфиёна иқтисодиёт таъсирини камайтирадиган, иккинчи томондан эса нақд пулдаги ҳисоб-китобларга қайтишнинг олдини оладиган мувозанатли тизимни ишлаб чиқишимиз керак», — деди Ҳайдаров.

Матбуот анжуманида, шунингдек, уй-жой ва автомобиль сотиб олишда ҳисоб-китоб қилишнинг янги тартиби — маблағлар эскроу-ҳисобварақлари орқали ўтиши тушунтирилди. Расмийларнинг таъкидлашича, бу битимлар хавфсизлигини оширади ва фирибгарлик хавфини камайтиради. Шу билан бирга, нарх эркинлиги сақланиб қолади, айрим битимлар эса янги режимдан чиқарилган.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб айрим товар ва хизматлар, жумладан, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, 25 млн сўмдан юқори харидлар ва ёнилғи қуйиш шохобчалари учун тўловларни нақд пулда амалга ошириб бўлмайди. Бундай ҳолатларда кассадаги «нақд пул» тугмаси ўчириб қўйилади. Айрим дўконлар чекловларни белгиланган муддатдан олдин жорий қилишди. Шу билан бирга, қонунчилик юзасидан саволлар юзага келмоқда.