
Фарғона вилоятида 5 нафар эркак, жумладан икки ака-ука Афғонистондан гиёҳванд моддаларни контрабанда йўли билан олиб кирганлиги учун 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
2025 йил сентябрь ойида марғилонлик 42 ёшли тадбиркор ва унинг 36 ёшли шериги Афғонистондан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб кирилган ҳамда Фарғона водийсида сотиш учун Ёзёвон туманидаги дала майдонида яшириб қўйилган 9896 грамм гашиш моддасини олаётган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Жиноят жойидан қочишга уринган тадбиркордан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6,25 млн сўм пул маблағлари мусодара қилинган. Бундан ташқари, Фарғона шаҳрида яшовчи, ушбу жиноятга алоқадорликда гумонланган учинчи шахснинг хонадонидан 110 грамм опий, 1200 доллар ва 28 млн сўм топилган.
Тергов давомида жиноий фаолиятга яна икки киши — 31 ва 39 ёшли ака-укаларнинг ҳам алоқадорлиги аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман суди бешала шахсни ҳам Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда), 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш) билан айбдор деб топди.