Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 05/04/2026

Тўхтатиб бўлмас Жавоҳир: Синдаров Номзодлар турнирида кетма-кет тўртинчи ғалабасини қўлга киритди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров шахмат бўйича 2026 йилги Номзодлар турнирининг олтинчи турида хитойлик шахматчи Вэй И устидан ғалаба қозонди.

Синдаров учун ушбу муваффақият турнирдаги кетма-кет тўртинчи ва умумий бешинчи ғалаба бўлди. 6 турдан сўнг (жами 14 та турдан) у имкониятдаги 6 очкодан 5,5 очко жамғариб, мағлубиятсиз сериясини (бешта ғалаба ва битта дуранг) давом эттирмоқда ва турнир жадвалида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда.

Партия сценарийси яна бир бор Синдаровнинг тайёргарлик даражаси юқори эканини исботлади. Дунё рейтинги етакчилари (Фабиано Каруана ва Хикару Накамура) билан бўлган аввалги учрашувлардаги каби, Жавоҳир яна рақибини вақт танқислиги (цейтнот) ҳолатига тушириб қўйишга эришди.

Вақт кам қолган вазиятда рақиб бир нечта хатога йўл қўйди, шундан сўнг Синдаров ташаббусни қўлга олди ва якунда устунликни ишонч билан амалга ошириб, 36-юришда ғалабани расмийлаштирди.

Таъкидлаш жоизки, Вэй И илгари Жаҳон кубоги финалида унинг рақиби бўлган эди ва уларнинг турнирдаги янги тўқнашуви ҳам ўзбекистонлик шахматчи фойдасига ҳал бўлди. Турнинг қолган барча партиялари дуранг билан якунланди, бу эса Жавоҳирга энг яқин таъқибчиси Фабиано Каруанадан 1,5 очкога ўзиб кетиш имконини берди.

Синдаровнинг дунёнинг энг кучли шахматчиларига қарши 6 очкодан 5,5 очколик старти Номзодлар турнири тарихидаги (2013 йилдан бери амал қилаётган замонавий форматда) энг яхши натижа деб ҳисобланмоқда. 5 апрель куни бўлиб ўтадиган еттинчи турда ўзбекистонлик шахматчи оқ доналарда Аниш Гирига қарши баҳс олиб боради.

Турнир олдидан иштирокчилардан йил учун режалари ҳақида сўралганда, Жавоҳир ўша пайтда рейтингнинг 11-поғонасида бўлишига қарамай, дунёнинг кучли бешлигига кириш ниятида эканини айтган эди. Номзодлар турнирининг аввалги тури якунларига кўра, у онлайн-рейтингда кучли 5 таликка кўтарилиб, ушбу мақсадига эришди (рейтингнинг 4-ўрнида яна бир ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов бормоқда). Ушбу партиядан сўнг у бешинчи позициядаги ўрнини янада мустаҳкамлади.

Аёллар ўртасидаги Номзодлар турнирида украиналик Анна Музичук пешқадамлик қилмоқда (4 очко).

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда бўлиб ўтмоқда. Унда сайёрамизнинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери, жумладан, Хикару Накамура, Фабиано Каруана ва ўзбекистонлик дебютант Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада 700 минг евро миқдоридаги соврин жамғармаси ҳамда шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш билан баҳслашиш ҳуқуқи учун курашмоқдалар.