Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 05/04/2026

Жавоҳир Синдаров Накамурани мағлуб этиб, Номзодлар турнирида тарихий рекорд ўрнатди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 2026 йил 3 апрель куни шахмат бўйича 2026 йилги Номзодлар турнирининг бешинчи турида қора доналарда ўйнаб, америкалик Хикару Накамура устидан ғалаба қозонди.

Бу Синдаровнинг турнирдаги тўртинчи ғалабаси бўлди. 5 та турдан сўнг у имкониятдаги 5 очкодан 4,5 очко жамғариб, яккапешволикни сақлаб қолди. У Номзодлар турнирлари тарихида бундай натижали старт кўрсатган илк шахматчига айланди.

Накамурага қарши партияда дебют ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Америкалик гроссмейстер 13-юриш (h4) устида 1 соат 7 дақиқа 44 сония ўйлади, бироқ бу унга энг мақбул давомни топишда ёрдам бермади. Фабиано Каруанага қарши аввалги турда бўлгани каби, Синдаров вақт ва позиция жиҳатидан сезиларли устунликка эришди ва партия охиригача доминантлик қилиб, изчил босим ўтказди.

Якунда ўзбекистонлик шахматчи турнирнинг асосий фаворитларидан бирини мағлуб этди. Накамура Синдаров бир кун аввал ютган Каруанадан кейинги иккинчи асосий даъвогар ҳисобланар эди.

Турнинг бошқа партияларида Фабиано Каруана Маттиас Блюбаумни мағлуб этди, Рамешбабу Праггнанандҳа — Андрей Есипенко ва Аниш Гири — Вэй И учрашувлари эса дуранг билан якунланди.

Турнир олдидан иштирокчилардан йил учун режалари ҳақида сўралганда, Жавоҳир ўша пайтда рейтингнинг 11-поғонасида бўлишига қарамай, дунёнинг кучли 5 талик шахматчиси қаторига кириш ниятида эканини айтган эди. Номзодлар турнирининг бешинчи тури якунларига кўра, у онлайн-рейтингда кучли бешликка кўтарилиб, ушбу мақсадига эришди (рейтингнинг 4-ўрнида яна бир ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов бормоқда).

Олтинчи турда, 4 апрель куни у қора доналарда Вэй Ига қарши баҳс юритади.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда бўлиб ўтмоқда. Унда сайёрамизнинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери, жумладан, Хикару Накамура, Фабиано Каруана ва ўзбекистонлик дебютант Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) 500 минг евро миқдоридаги соврин жамғармаси ҳамда шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш билан баҳслашиш ҳуқуқи учун курашмоқдалар.