Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 04/04/2026

Жавоҳир Синдаров Каруанани мағлуб этиб, Номзодлар турнирининг яккапешқадамига айланди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 2026 йил 1 апрель куни Номзодлар турнирининг тўртинчи турида америкалик Фабиано Каруана устидан ғалаба қозониб, мусобақанинг яккапешвоси бўлиб олди.

Ушбу учрашувгача ҳар икки шахматчи бир хил натижа — 3 имкониятдан 2,5 очко билан келаётган эди. Ғалаба Синдаровга 4 имкониятдан 3,5 очко жамғариш ва турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиш имконини берди.

Партия 36-юришда якунланди. Оқ доналарда ўйнаган Синдаров учрашувни ишонч билан ўтказди ва турнирнинг асосий фаворитларидан бирини мот қилди. Вақт омили ҳам муҳим роль ўйнади: Каруана муҳим қарорлар устида узоқ ўйланиб, қийин ҳолатга тушиб қолган бўлса, ўзбекистонлик шахматчи тезкор ва дадил ҳаракат қилди.

Ўйиннинг ўрталарида Каруана муваффақиятсиз давомни танлаганидан сўнг бурилиш ясалди. Шу лаҳзадан бошлаб Синдаров ташаббусни ўз қўлига олди ва босимни изчил ошириб бориб, рақибга нажот учун ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Ушбу ғалаба Синдаров учун турнирдаги учинчиси бўлди ва якуний муваффақият учун жиддий қадам ҳисобланади. Навбатдаги бешинчи тур дам олиш кунидан сўнг, 3 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Жавоҳир Синдаров қора доналарда яна бир америкалик гроссмейстер Хикару Накамурага қарши баҳс олиб боради.

Муваффақиятли стартга қарамай, иштирокчиларни олдинда яна ўнта партия кутмоқда ва турнирдаги ғолиблик учун кураш очиқ қолмоқда. 2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда бўлиб ўтмоқда. Унда сайёрамизнинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери, жумладан, Хикару Накамура, Фабиано Каруана ва ўзбекистонлик дебютант Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда.

Иштирокчилар икки даврада (14 тур) 500 минг евро миқдоридаги соврин жамғармаси ҳамда энг муҳими — амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқи учун курашмоқдалар. Мусобақа регламентига кўра, 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланган классик вақт назорати амал қилади. Ғолиб 48 минг евро олади, шунингдек, ҳар бир иштирокчига жамғарилган ҳар ярим очко учун қўшимча 3500 евродан мукофот берилади.