Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистон 2030 йилгача сайёҳлар сонини 20 миллионга етказишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрель куни Тошкентда ташриф билан бўлиб турган «БМТ Туризм» бош котиби Шайха Носир ал-Навайисни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТнинг ушбу ихтисослашган муассасаси билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 6 бараварга ошиб, қарийб 12 миллионга етгани алоҳида таъкидланди. 2030 йилга бориб уларнинг сонини 20 миллионга етказиш, туризмнинг мамлакат ЯИМдаги улушини эса 7 фоизга ошириш режалаштирилган.

Томонлар Ўзбекистон ва «БМТ Туризм» ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётганини қайд этдилар. 2023 йилда Самарқандда ташкилотнинг Бош ассамблеяси бўлиб ўтди, Халқаро туризм академияси ташкил этилди, тез орада «Ипак йўлида туризм» мавзуидаги офис очилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 2027 йилни Халқаро барқарор ва чидамли туризм йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинган эди.

Мулоқот давомида томонлар шерикликни ривожлантириш, жумладан, туризм соҳасидаги халқаро ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлик ва техник ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.