
Бизнес-омбудсман офиси рақамли маркировка талабларини бузганлик учун жарималарни ҳисоблаш механизмини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Ушбу таклиф билан 2026 йил 27 март куни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ҳамкорлик қилиш бўйича идоралараро комиссиянинг очиқ мулоқотида президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Жамшид Ўрунов чиқиш қилди.
Унинг сўзларига кўра, Солиқ кодексининг 227-1-моддасидаги амалдаги норма жарималарни бизнес айланмасига боғлаб қўйган бўлиб, бу ҳатто барқарор брендни ҳам биргина ходимнинг хатоси туфайли хонавайрон қилиши мумкин.
«Шартли равишда, агар бренднинг 50 та дўкони бўлса ва уларнинг бирида сотувчи QR-кодли чек бермаса ёки маркировка талаби бузилган товарни сотса, жарима барча 50 та шохобчанинг чораклик айланмасидан — 2 фоиздан 20 фоизгача ҳисобланиши мумкин. Бу 100 фоизлик банкротлик дегани, тадбиркор бундан кейин оёққа тура олмайди», — дея тушунтирди бизнес-омбудсман ўринбосари.
У биринчи марта қоидабузарлик содир этилганда уч ойлик (охирги ҳисобот чораги) тушумнинг 2 фоизи, такроран содир этилганда эса 20 фоизи ундирилишини таъкидлади. Ўрунов оқибатлар кўламини мисол тариқасида сониясига 15 та шиша ичимлик ишлаб чиқарадиган Coca-Cola заводи билан қиёслади:
- «Агар маркировкадаги битта хато туфайли 20 фоизлик жарима қўлланса, нафақат ритейл, балки бундай завод ҳам бунга бардош бера олмайди».
Солиқ қўмитаси ва прокуратура позицияси
Солиқ қўмитаси вакилининг ҳисоблашича, енгил жарималар жазосизлик ҳиссини уйғотиши мумкин. Идора йирик заводда ўтказилган яқиндаги текширувни мисол қилиб келтирди, у ерда маҳсулотлар оммавий равишда умуман маркировкасиз сотилган, бу эса «тенг бўлмаган рақобатни юзага келтиради».
«Яъни, бу ҳам нотўғри. Рақобат тенг бўлиши керак. Агар жарималар жуда кичик қилиб қўйилса, очиғини айтганда, кимдир шунчаки жаримани тўлаб, аввалгидек ишлашда давом этадиган вазиятлар истисно қилинмайди», — деди.
Шунингдек, қўмитада кодларни агрегация қилиш муддатлари аллақачон икки марта — жами қарийб икки йилга кечиктирилганини (ҳукуматнинг 269-сонли ва президентнинг ПҚ-190-сонли қарорларига мувофиқ) эслатиб ўтишди. 1 апрелдан кучга кирадиган талаблар бўйича солиқчилар шундай ишонч билдиришди: «Келинг, бошлайлик. Агар сиз бошласангиз, биз сизни жазоламаймиз».
Ушбу ваъда қонунийлик борасида баҳсларга сабаб бўлди. Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов солиқчиларни ҳаракатсизлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди:
«Агар чора кўрилмаса, бу яшириш деб баҳоланади. Тўғрими? Сиз борасиз, [қоидабузарликни] аниқлайсиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик бор, сиз эса чора кўрмаяпсиз. Биз кейин сизга яширганлик бўйича [айблов] қўямиз».
«Назорат жазодан муҳимроқ»
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев техник тайёргарлик масаласида тадбиркорлар томонини олди. Унинг фикрича, бизнес қоидалардан бош тортмаяпти, балки кадрлар ва ускуналар етишмовчилигига дуч келмоқда.
«Бундай талабларни жорий этишдан олдин давлат мутахассислар тайёрлаш, ускуналар ва ҳоказолар билан ёрдам бериши керак эди. Жазо қўлламаслик ҳақидаги оғзаки ваъда — хорижий компаниялар билан бундай иш кетмайди. Агар улар қонунни кўрса ва уни бажармаслик санкцияларга олиб келишини тушунса, улар эҳтиёткорлик юзасидан ҳаракат қиладилар», — деб таъкидлади.
Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов асосий эътиборни жазога эмас, балки назоратни кучайтиришга қаратишни таклиф қилди.
«Жазони кучайтириш эмас, балки аввал назоратни кучайтириш муҳим… Аввал назоратни кучайтирайлик, агар шундан кейин ҳам четлаб ўтиш йўлларини қидиришса — ана ўшанда жазони кучайтиришни кўриб чиқиш мумкин», — дея хулоса қилди идора раҳбари.
227-1-модда Солиқ кодексининг янги таҳририга 2022 йил 11 мартда киритилган бўлиб, тасдиқланганидан уч ой ўтиб — 13 июндан кучга кирган. Модда қуйидаги талабларни назарда тутади:
- фискал белгиларни акс эттириш ёки автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
- солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграцияни таъминлаш;
- ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар учун товарларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар, маиший техника, 2024 йил 1 мартдан — сув ва ичимликлар) идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш қоидалари.
Тадбиркорлар ушбу моддани «отув моддаси» деб аташган эди. 2024 йилда 227-1-модда бўйича фискал ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдори 50 бараварга — айланманинг 100 фоизидан 2 фоизигача камайтирилди. Шунингдек, бизнеснинг ушбу модда қўлланиши натижасида юзага келган 98 фоиз қарздорлиги бекор қилинди.
«Газета» яқинда UzBev ассоциациясининг ҳукуматга йўллаган мурожаатини эълон қилган эди, унда ассоциация агрегация босқичини жорий этишдаги жиддий хавфлар, жорий этилаётган моделнинг реал эмаслиги ва алгоритмлар ишлаб чиқилмагани ҳақида огоҳлантирган эди. Ушбу учрашувда ассоциация раҳбари Альфия Мусина ҳам соҳанинг янги талабларга тайёр эмаслигини маълум қилди.
Asl Belgisi ушбу мурожаатга жавоб қайтарди. У ерда соҳа ассоциациясининг далиллари «халқаро тажриба, бозорнинг реал эҳтиёжлари ва „Рақамли Ўзбекистон-2030“ дастурида белгиланган ислоҳотлар мақсадларини ҳисобга олган ҳолда янада масъулиятли ва чуқурроқ кўриб чиқишни талаб қилиши» айтилди.
Рақамли маркировканинг жорий этилиши
Ўзбекистонда маҳсулотларни (тамаки маҳсулотлари, алкоголь ичимликлари, дори-дармонлар, сув ва салқин ичимликлар, маиший техника) рақамли маркировка қилиш ва кузатиб бориш 2019 йилдан бошланган.
CRPT Turon тизимнинг эксклюзив оператори ҳисобланади. Компания Россиянинг Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази (ЦРПТ) — Россиядаги «Честный знак» товарларни маркировка қилиш тизимининг ягона оператори томонидан ташкил этилган. Ҳозирда компания Digital Holding (тадбиркор Алишер Усмоновга алоқадор компания ҳамда Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли) эгалигида.
Сув ва ичимликларни маркировка қилиш бир неча бор кечиктирилди — 2022 йил октябрдан 2023 йил 1 июлгача, сўнгра 2024 йил 1 мартгача. 2021 йил ёзида сув ва ичимлик ишлаб чиқарувчилар маркировка бўйича пилот лойиҳани тўхтатишга чақиришган эди, чунки уларнинг фикрича, бу иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. CRPT Turon эса уларнинг хавотирларини «миф» деб атаган эди.