Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 01/04/2026

«Мақсадимиз — фақат ҳаққимиз бўлган нарсани олиш»: Афғонистоннинг трансчегаравий сувлар бўйича позицияси

Марказий Осиё ва Афғонистон иқлим ўзгариши оқибатларига тенг даражада дуч келмоқда. Бундай шароитда сувни бошқариш нафақат миллий муаммо, балки минтақавий ва глобал миқёсга эга масалага айланиб бормоқда, деб ҳисоблайди Афғонистон сув хўжалиги ва энергетика вазири ўринбосари Мужиб-ур-Раҳмон Омар.

2026 йил 25−26 март кунлари бўлиб ўтган Tashkent Water Week халқаро форуми доирасида у Афғонистоннинг сув ресурсларини биргаликда бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва минтақавий шериклик масалалари бўйича позициясини баён қилди, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Глобал иссиқхона газлари чиқиндиларига ҳисса қўшган ривожланган давлатлар иқлим ўзгариши қурбонига айланган мамлакатларга илмий тадқиқотлар ўтказиш, мониторинг қилиш ва эҳтиёжларимизни баҳолашда ёрдам бериши керак», деди Мужиб-ур-Раҳмон Омар.

Вазир ўринбосари ўз нутқида Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида боғловчи бўлиб хизмат қилувчи ҳамда минтақада «ишонч, техник ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш» учун имкониятлар очувчи Панж ва Амударё ҳавзасига алоҳида тўхталди.

Мужиб-ур-Раҳмон Омар тарихан Афғонистон ушбу дарё ҳавзасидан жуда кам миқдорда сув олганини таъкидлади.

«Ҳозир мамлакатда хавфсизлик таъминланган бир пайтда, биз минтақанинг адолатли ва барқарор ривожланишига ишонамиз. Биз қонуний асосларда, минтақа давлатларининг қонуний ҳуқуқларига мувофиқ ривожланиш ниятидамиз ва уларни инобатга оламиз», деб баёнот берди вазир ўринбосари.

Афғонистон делегацияси томонидан кўтарилган масалалардан бири Амударё соҳилларини мустаҳкамлаш бўлди. Мужиб-ур-Раҳмон Омар Афғонистон Амударё ҳавзасидаги тупроқ эрозияси ва қирғоқлар ювилишидан қаттиқ зарар кўрганини қайд этди ва қўшни давлатларга «минтақавий ҳамкорлик руҳида» соҳилни ҳимоя қилиш бўйича миллий лойиҳаларни мувофиқлаштириш илтимоси билан мурожаат қилди.

Вазир ўринбосари Афғонистон сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва гидрологик маълумотлар, жумладан сув омборлари ҳақидаги ахборот билан алмашиш тарафдори эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу сув йўқотилишини камайтириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.

«Сув — ҳаёт манбаи, иқтисодий тараққиёт асоси ва ижтимоий ривожланишнинг таянч элементи. Агар биз илм-фан, технология ва ишончни бирлаштирсак, минтақамизни бошқалар учун ҳамкорлик ва амалий алоқалар намунасига айлантира оламиз», деди вазир ўринбосари.

Нутқи якунида Мужиб-ур-Раҳмон Омар Кобулнинг трансчегаравий сувлар бўйича расмий позициясини хулосалади.

«Афғонистон Ислом Амирлиги сув ресурсларидан адолатли ва барқарор фойдаланиш тарафдори ҳамда конструктив роль ўйнашга тайёр. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мақсадимиз — фақат ҳаққимиз бўлган нарсани олиш. Биз бирон бир мамлакатга зарар етказишга интилмаймиз. Юзага келадиган ҳар қандай тушунмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилиши мумкин», дея хулоса қилди.