Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 01/04/2026

Марказий банк 10,3 млн сўмдан юқори ўтказмалар устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилди

Ўзбекистон Марказий банки Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Унинг муҳокамаси 2026 йил 4 апрелга қадар давом этади.

Ҳужжат пул ўтказмалари ва банк операцияларига нисбатан талабларни кучайтиришни назарда тутади. Тушунтириш хатида қайд этилишича, ўзгартиришлар FATF (Пул ювишга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар кўриш гуруҳи) тавсиялари асосида тайёрланган.

Лойиҳа билан қоидаларнинг қўлланиш соҳаси кенгайтирилмоқда: эндиликда талаблар нафақат тижорат банкларига, балки микромолия банкларига ҳам татбиқ этилади.

Ўзгартиришлар ўтказмалар бўйича маълумотларга қўйиладиган талабларни аниқлаштиради ва кенгайтиради. Хусусан, операцияни юборувчидан қабул қилувчигача кузатиш мажбурий имконияти жорий этилмоқда — бунинг учун ҳисобварақ рақами ёки транзакциянинг ноёб идентификатори (пулнинг юборувчидан қабул қилувчигача бўлган йўлини кузатиш имконини берувчи) кўрсатилиши шарт.

Шу билан бирга, юборувчи ҳақидаги маълумотларга бўлган талаблар ҳам қатъийлашмоқда: жисмоний шахслар учун энди яшаш манзили ва туғилган санаси, юридик шахслар учун эса солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) кўрсатилиши талаб этилади.

Шунингдек, қабул қилувчи ҳақидаги маълумотлар рўйхати ҳам кенгаймоқда. Исми ва операция реквизитларидан ташқари, СТИР (юридик шахслар учун), шунингдек, қабул қилувчининг мамлакати ёки шаҳри қўшилади.

Асосий ўзгаришлардан бири — халқаро операцияларда бўлгани каби, банклар юборувчи ва қабул қилувчи ҳақида тўлиқ маълумот тўплаши шарт бўлган ўтказма суммаси миқдорининг пасайтирилиши.

Марказий банкнинг тушунтиришича, FATF тавсиялари минимал чегарани 1000 доллар (тахминан 12,2 млн сўм) даражасида белгилашга рухсат беради, бу эса тахминан 29 БҲМга тенг.

Агар ҳозирда Ўзбекистонда бу чегара 30 базавий ҳисоблаш миқдорини (12,36 млн сўм) ташкил этса, лойиҳага кўра у 25 БҲМгача (нашр этилган вақтда — 10,3 млн сўм) пасайтирилади.

Бундай транзакциялар учун банк идентификация жараёнида олинган маълумотларни ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) ҳисобварақ рақами ёки операциянинг ноёб идентификатори билан бирга қайд этиши керак бўлади.

Шу билан бирга, айрим ҳолларда соддалаштиришга йўл қўйилади: агар қабул қилувчи банк маълумотларни бошқа манбалардан олиши мумкин бўлса, юборувчига шахсий идентификация рақами, ҳисобварақ рақами ёки операциянинг ноёб идентификаторини кўрсатиш кифоя қилади.

25 БҲМдан паст бўлган ўтказмалар учун базавий талаблар сақланиб қолади: банклар юборувчи ва қабул қилувчининг исми, шунингдек, ўтказмани кузатиш имконини берувчи ҳисобварақ рақами ёки операция идентификаторини узатишлари шарт.

Ўзгартиришларнинг алоҳида блоки банк карталари билан боғлиқ операцияларга тааллуқли.

Банклар товар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда карта рақамининг юборувчидан қабул қилувчигача кузатилишини таъминлаши шарт. Сўровга кўра, картани чиқарган банк ва сотувчига хизмат кўрсатувчи банк ҳақидаги маълумотлар тақдим этилиши керак.

Шунингдек, нақд пул ечиш операциялари бўйича ҳам талаблар жорий этилмоқда:

  • мамлакат ичида операциялар мижознинг ҳисобварағи ёки картаси ҳақидаги маълумотлар билан бирга амалга оширилиши керак;
  • чегаралараро нақд пул ечишда банклар карта рақамини узатишлари ва сўровга кўра уч иш куни ичида мижоз ҳақидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Шу билан бирга, «ички электрон ўтказмалар» атамаси «ички тўловлар ва пул ўтказмалари»га алмаштирилмоқда. Бундай операциялар учун ҳам юборувчи ва қабул қилувчи маълумотларини кузатиш, маълумотлари етарли бўлмаган операцияларни аниқлаш ва тегишли тартибларни банкларнинг ички ҳужжатларида мустаҳкамлаш бўйича талаблар жорий этилмоқда. Ушбу талаблар банк карталари ва электрон ҳамёнлар орқали жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмаларга ҳам тааллуқли.

Лойиҳада, шунингдек, «пакетли ўтказмалар» — бир молиявий муассасага йўналтирилган бир нечта тўловларни бирлаштирувчи операциялар тушунчаси киритилмоқда ва тартибга солинмоқда. Бундай ўтказмалар бир ёки бир нечта қабул қилувчилар фойдасига амалга оширилиши мумкин.

Айрим ҳолларда, агар ўтказмада ноёб идентификатор ва операцияни белгиланган мамлакатда кузатиш имконини берувчи тўлиқ маълумотлар мавжуд бўлса, банклар юборувчи ҳақидаги маълумотларга қўйиладиган талабларнинг бир қисмини қўлламасликлари мумкин бўлади.