Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 31/03/2026

Шахматчи Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирини ғалаба билан бошлади

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 2026 йил 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтаётган ФИДЕ Номзодлар турнирида ғалаба билан старт олди.

Бу Ўзбекистон учун тарихий воқеа: мамлакат вакили илк бор шахмат оламининг энг муҳим мусобақаларидан бирида иштирок этмоқда. Ушбу мусобақа ғолиби амалдаги жаҳон чемпионига қарши тож учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.

Биринчи партияда Синдаров оқ доналарда Россиялик гроссмейстер Андрей Есипенкони мағлуб этди. Учрашув анча кескин кечди. Ўйин давомида ўзбекистонлик шахматчи қийин ҳолатга тушиб қолди — компьютер таҳлили унинг вазиятини паст баҳолаётган эди. Бироқ якунда у ўйин тизгинини ўз қўлига олишга муваффақ бўлди.

Синдаров фаол ўйинни давом эттирди ва рақибини хато қилишга мажбурлади. Ҳал қилувчи паллада унинг вақти атиги бир неча сония қолган эди, шунга қарамай, у аниқ юришни топди ва партияни ғалабагача олиб борди. Якунда Есипенко йўл қўйган хатодан сўнг вазият тез фурсатда Синдаров фойдасига ҳал бўлди ва 41-юришда рақиб мағлубиятини тан олди. «Дебют жуда ёмон чиқди, ҳатто бу партияда ютқазаман деб ўйлагандим!» — деди Синдаров ғалабадан сўнг.

Иккинчи турда Синдаров германиялик шахматчи Маттиас Блюбаум билан куч синашади, Есипенко эса америкалик Хикару Накамурага қарши дона суради.

Биринчи турдаги ғалаба Жавоҳирга турнир жадвалида пешқадамлик ва психологик устунлик тақдим этди. Қуръа натижаларига кўра, Синдаров стартдаги муваффақиятини мустаҳкамлаб олиш имкониятига эга. Биринчи турда 5 та партия дуранг билан якунланди, яна иккита баҳсда ғалаба қайд этилди — Рамешбабу Прагнанандха Аниш Гирини, Фабиано Каруана эса Хикару Накамурани мағлуб этди.

2026 йил 31 март куни бўлиб ўтадиган иккинчи турда Жавоҳир яна оқ доналарда ҳаракат қилади. Андрей Есипенко эса турнир фаворитларидан бири Хикару Накамура билан баҳсда ўз мавқеини тиклашга ҳаракат қилади.

2026 йилги Номзодлар турнири Кипрда 29 мартдан 15 апрелгача ўтказилмоқда. Унда сайёрамизнинг 8 нафар энг кучли гроссмейстери, жумладан, Хикару Накамура, Фабиано Каруана ва ўзбекистонлик дебютант Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки давра (14 тур) давомида 500 минг евролик соврин жамғармаси ҳамда энг муҳими — амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Доммаражу Гукешга шахмат тожи учун даъват қилиш ҳуқуқи учун курашмоқдалар.

Мусобақа регламентига кўра, классик вақт назорати амал қилади ва 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланади. Ғолиб 48 минг евро олади, шунингдек, ҳар бир иштирокчи қўлга киритган ҳар ярим очкоси учун қўшимча 3500 евро миқдорида мукофотланади.