
Ўзбекистонда жисмоний шахсларга маблағларни бир банк ҳисобварағидан бошқасига тўғридан-тўғри ўтказиш имконини берувчи Account-to-Account (A-A) форматидаги пул ўтказмалари йўлга қўйилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу сервис президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги (ПФ-246-сон) фармони ижроси доирасида жорий этилмоқда ҳамда рақамли молиявий технологияларни ривожлантириш ва фойдаланувчилар учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.
Account-to-Account турли банклар мижозларининг ҳисобварақлари ўртасида тўғридан-тўғри ўтказмаларни таъминлайди. Банк карталари рақамларидан фойдаланиладиган оммавий P2P ўтказмаларидан фарқли ўлароқ, янги формат операцияларни бевосита банк ҳисобварақлари ўртасида амалга оширишни назарда тутади. Карта расмийлаштирилаётганда ушбу картага боғланган банк ҳисобварағи асосида очилади.
«Бу янги карта эмас ва алоҳида карта очиш талаб этилмайди. Бу пул юборишда банк иловангизда танланадиган ўтказма усули. Яъни, бу пул ўтказмаларининг янги формати», — дейилади хабарда.
Сервис ишлаши учун техник инфратузилма Марказий банкнинг Бош ахборотлаштириш маркази томонидан яратилган. Регулятор маълумотларига кўра, бугунги кунда сервис барча банкларда техник жиҳатдан жорий этилган. Шу билан бирга, амалдаги ўтказма усуллари, жумладан P2P сақланиб қолади — А-А қўшимча имконият ҳисобланади.
Сервисдан фойдаланганлик учун комиссияларни банклар ўз тариф сиёсати доирасида мустақил белгилайдилар. Уларнинг миқдори банкка ва хизмат турига қараб фарқ қилиши мумкин.
Марказий банк бозор иқтисодиёти шароитида регулятор комиссияларни белгилаш жараёнига аралашмаслигини таъкидлади. Шунингдек, Бош ахборотлаштириш маркази тўлов хизматларини кўрсатмагани ва мижозлар билан бевосита алоқа қилмагани боис тарифларни шакллантиришда иштирок этмайди.
Фойдаланувчиларга энг мос ўтказма усулини танлаш учун банкларнинг шартлари ва комиссиялари билан олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилади.