Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 31/03/2026

Таниқли журналист ва шоир Карим Баҳриев вафот этди

Таниқли ўзбекистонлик журналист, ёзувчи, шоир ва таржимон Карим Баҳриев оғир хасталикдан сўнг 64 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси хабар берди.

Бир неча кун аввал у геморрагик инсульт ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди. Сўнгги кунларда аҳволи оғир экани айтилганди.

Карим Баҳриев 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Самарқанд давлат университетида таҳсил олган, сўнгра Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

У турли йилларда журналист, ёзувчи, таржимон ва сиёсатчи сифатида фаолият юритган. 1990—1995 йилларда Ўзбекистон парламенти биринчи чақириғи депутати бўлган.

Баҳриев «Хўжалик ва ҳуқуқ» ҳамда «Миграция ва хавфсизлик» журналларида бош муҳаррир бўлиб ишлаган, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Маърифат» газеталари, шунингдек, «Жаҳон адабиёти» ва «Дугоналар» нашрлари билан ҳамкорлик қилган. Бундан ташқари, 1990-йиллар бошида Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган ижтимоий-сиёсий нашрларидан бири бўлган «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири сифатида танилган эди.

У бир қатор илмий-оммабоп ва адабий асарлар, жумладан, «Сабр косасининг синиқлари» ва «Томчидил» шеърий тўпламлари, шунингдек, журналистика ва ҳуқуқ соҳасидаги ишлар муаллифидир. 2000-йиллар бошида нашр этилган «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» китоби кенг жамоатчилик акс-садосига сабаб бўлган.

Сўнгги йилларда Карим Баҳриев фаол таржимачилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган эди. Баҳриев таржимасида Германия, Малайзия, Озарбайжон, Туркия, араб давлатлари, Англия, Испания, Исландия ва бошқа мамлакатлар шоир ва ёзувчиларининг романлари, шеър ва балладалари чоп этилган.

Хусусан, у Платон, Вольтер, Монтень, Паскаль, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқлари афоризмларини, Генри Форднинг «Менинг ҳаётим» китобини, Жорж Оруэллнинг «1984» ва «Қалтисхона» («Молхона») романларини, Светлана Алексиевичнинг «Чернобиль тавбаси» асарини, Малкольм Гладуэллнинг «Зукколар ва ландавурлар» китобини, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини ва бошқа кўплаб адибларнинг ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

Карим Баҳриев Журналистлар уюшмаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси лавозимида ишлаган, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси бўлган, шунингдек, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа-ҳуқуқ ва этика фанидан дарс берган.

Аввалроқ Карим Баҳриев билан интервью эълон қилинган бўлиб, унда адиб 45 йил давомида дунёнинг қарийб 150 мамлакати шоирлари ижодидан таржималар қилгани ва уларни уч жилдлик антологияга жамлагани ҳақида сўзлаб берган эди.