
Ўзбекистонда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш қоидаларини либераллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-канали хабар берди.
Президент томонидан 2026 йил 26 март куни имзоланган қонунга кўра, эндиликда мамлакат ҳудудида мажбурий тартибда сақланиши лозим бўлган маълумотлар тоифаси чекланди. Булар қаторига жисмоний шахсларнинг биометрик ва генетик маълумотлари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари хизматларидан фойдаланувчиларнинг маълумотлари киради.
Шахсга доир маълумотларнинг бошқа турларини қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда Ўзбекистон ташқарисида сақлаш ва қайта ишлашга рухсат берилди:
- хорижий давлат шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишнинг тенг даражасини таъминловчи давлат сифатида тан олинганда;
- оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга мувофиқ бўлган стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилинганда ва уларга риоя этилганда;
- оператор томонидан шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга риоя этилганда (уларнинг рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади).
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишнинг тегишли даражаси таъминланадиган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилиши хабар қилинган эди.
Ушбу тузатишлар Apple Pay, Google Pay ва PayPal каби халқаро тўлов сервисларининг Ўзбекистон бозорига кириши учун шароит яратиши кутилмоқда. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
2021 йилда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, компанияларга фуқароларнинг маълумотлари бўлган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш мажбурияти юкланган эди. Экспертлар ушбу норманинг турлича талқин қилиниши Apple Pay ва Google Pay каби сервисларнинг киришига тўсиқ бўлаётгани ва бизнесда хавотир уйғотаётганини бир неча бор таъкидлаган эдилар.
2024 йилда маълумотларни маҳаллийлаштиришга бўлган ёндашувларни қайта кўриб чиқиш масаласи экспертлар майдонларида муҳокама қилинди: ортиқча тартибга солишдан қочиш учун талабларни юмшатиш таклиф этилди. Жаҳон банки ҳам шундай позицияни билдириб, мосланувчан қоидалар рақамли иқтисодиёт ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда Америка компаниялари билан учрашувда Ўзбекистон шахсга доир маълумотларни сақлаш бўйича қонунчиликни янгилашни якунлаётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу халқаро тўлов тизимларини ишга тушириш, шунингдек, рақамли академиялар ва стартап-хабларни ривожлантириш учун шароит яратади.