
Тошкент вилоятидаги иқтисодий соҳага ихтисослашган давлат ташкилотларидан бирида аёл кишини ишга қабул қилиш рад этилиб, ушбу лавозимга аёллар олинмаслиги очиқчасига айтилган. Гендер камситиш бўйича омбудсманга қилинган мурожаатдан сўнг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.
Омбудсманга йўлланган мурожаатда аёл 2026 йилнинг январь ойида мавжуд бўш иш ўрни учун суҳбатдан ўтгани, электрон меҳнат шартномасини имзолагани ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқишини кутганини маълум қилган. Бироқ унга ушбу лавозимга аёллар қабул қилинмаслиги айтилиб, рад жавоби берилган.
Мурожаатчи ташкилотнинг бу қарори унинг касбий малакаси ёки иш тажрибаси билан эмас, балки айнан аёл жинсига мансублиги билан боғлиқ бўлганини таъкидлаган.
Вазият омбудсман Феруза Эшматова томонидан назоратга олиниб, омбудсманнинг минтақавий вакили ҳамда вилоят Давлат меҳнат инспекцияси иштирокида ўрганилди. Кўриб чиқиш натижаларига кўра аёл ишга қабул қилинди.
«Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини белгиловчи 58-моддасига, камситишларсиз меҳнат қилиш ҳуқуқини кафолатловчи 42-моддасига, шунингдек, Меҳнат кодексининг 4-моддаси («Меҳнат ҳуқуқлари тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш принципи») талабларига зид», — дейилади омбудсман офиси хабарида.
«Ҳар бир иш берувчи номзодни жинси бўйича эмас, балки унинг касбий малакаси, билими ва салоҳиятидан келиб чиқиб баҳолаши шарт», — деб таъкидланади хабарда.
Ҳуқуқлар бузилган тақдирда мурожаат қилиш учун омбудсман офиси телефон рақами: 1096 (алоқа учун бошқа рақамлар ва минтақавий вакиллар рўйхати).