Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 30/03/2026

Тошкентда яна бир нарколаборатория фош этилди, 370 минг долларлик хомашё мусодара қилинди

Тошкентнинг Сергели туманида яна бир нарколаборатория фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Идора маълумотларига кўра, Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи 23 ёшли шахс ижарага олинган хонадонда ноқонуний фаолиятни йўлга қўйган. У ерда қиймати 4,5 млрд сўмга (қарийб 370 минг доллар) баҳоланган 3,5 кг прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси, 20 литр суюқ ва 25 кг қуруқ кўринишдаги прекурсорлар аниқланган. Хонадонда чинозлик яна бир фуқаро кимёгар сифатида ишлаган.

Хабар қилинишича, ҳар икки қўлга олинган шахслар илгари кучли таъсир қилувчи моддаларни Telegram орқали тарқатишган, кейинчалик эса уларни ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошлашган.

ДХХ фуқароларни бу каби жиноятлар ҳақида маълумотга эга бўлсалар, 1520 рақамига мурожаат қилишга чақирди. Анонимлик кафолатланади.

Аввалроқ, фақат 2026 йил январь-февраль ойларининг ўзида Ўзбекистонда 22 та уюшган наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди. Уларнинг 5 нафар етакчиси ва 84 нафар шериги қўлга олиниб, 8 та яширин лаборатория тугатилган. Муомаладан 140 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, 200 мингга яқин психотроп препаратлар ва қарийб 2 тонна прекурсорлар олинган.