
Ўзбекистон Марказий банки шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмасдан нақд чет эл валютасини сотиб олиш лимитини оширишни режалаштирмоқда. Бу регуляторнинг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қарор лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ушбу чегарани 100 АҚШ долларидан 500 долларгача ошириш таклиф этилмоқда. Шундай қилиб, 500 доллар эквивалентигача бўлган миқдорда нақд чет эл валютасини сотиб олишда паспорт талаб этилмаслиги мумкин.
Ҳозирда банклар 100 доллардан ортиқ миқдорда валюта сотиб олинганда мижозларни тегишли тартибда текшириш бўйича мустақил чоралар кўришга мажбурдирлар.
Мижозни тегишли тартибда текшириш чоралари мижознинг шахсини аниқлаш ва текшириш, шунингдек, унинг номидан ҳаракат қилаётган шахснинг шахси ва ваколатларини текширишни ўз ичига олади. Банклар бенефициар мулкдорни аниқлаши, ишбилармонлик муносабатлари ёки операцияларнинг мақсади ва хусусиятини ўрганиши ҳамда мижознинг операциялари унинг профилига, жумладан, зарур ҳолларда маблағлар манбасига мувофиқлигини доимий равишда мониторинг қилиб бориши шарт.
Бундан ташқари, лойиҳа банк ҳисобварағини очмасдан амалга ошириладиган операцияларда тегишли текширувдан ўтказиш (мижозни идентификация қилиш) чегараларини ўзгартиришни назарда тутади.
Ҳозирда бундай процедуралар базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ортиқ (тахминан 206 млн сўм) бўлган суммада мажбурий ҳисобланади. Эндиликда ушбу чегарани 175 млн сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
Тушунтириш хатида айтилишича, ушбу ўзгаришлар аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида киритилмоқда.
Тегишли текширувдан ўтказиш талаб этиладиган чегаравий сумма FATF (Пулни ювишга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар кўриш гуруҳи)нинг 10-тавсияси талабларига мувофиқлаштирилмоқда.
Ушбу талабларга кўра, бир марталик операциялар бўйича тегишли текширув учун чегара 15 минг АҚШ долларини ташкил этади (FATF тавсиялари).
Бугунги кунда қоидалар билан белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдоридаги чегара (тахминан 16,9 минг доллар) 15 минг доллардан ошиб кетган. Шу муносабат билан чегаравий сумма 175 млн сўм даражасида белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил давомида Ўзбекистонда фуқаролар сотиб олгандан кўра кўпроқ валюта сотганлар. Фарқ 9,7 млрд долларгача (+44,2%) ўсди ва бозорда қўшимча валюта манбаига айланди.