Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/03/2026

Тошкентда «АҚШ визаси» учун 75 минг доллар олаётган шахс қўлга олинди

Ўзбекистонда фуқароларни хорижга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ш. А. қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, у юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали АҚШга «бизнес-виза» расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У 75 минг долларни олаётган вақтида ушланган.

Шунга ўхшаш ҳолат Хатирчи туманида ҳам аниқланди: хусусий корхона раҳбари Ф. Ш. фуқаро Ж. Б.нинг ишончига кириб, уни Болгарияга юборишни ва кейинчалик ишга жойлаштиришни ваъда қилган. У 3000 долларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Идора маълумотларига кўра, ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари (пора беришда иштирокчилик) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2026 йил февраль ойида АҚШ Давлат департаменти виза расмийлаштириш билан шуғулланувчи Ўзбекистоннинг 2 та компанияси раҳбарларига нисбатан виза чекловларини жорий қилган эди. Улар туристик хизматлар ниқоби остида АҚШга ноқонуний иммиграция қилишни режалаштирган чет элликларга била туриб кўмаклашганликда айбланган.

Тергов маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бўлган шахслар хорижликларни, жумладан вояга етмаганларни Марказий Американинг транзит давлатлари орқали аэропортлар ва қуруқликдаги чегаралардан ўтказишни мувофиқлаштирган. Кейинчалик уларнинг аксарияти Қўшма Штатларга ноқонуний киришга уринган вақтида қўлга олинган.

2025 йилнинг ёзида рақобат қўмитаси хорижда ишга жойлаштириш ва ўқитиш баҳонасида фуқаролардан алдов йўли билан йирик миқдорда маблағ ундирган 15 дан ортиқ фирма аниқланганини маълум қилган эди. Йил бошидан буён 20 га яқин шикоят келиб тушган бўлиб, хизматлар кўрсатилмаган, пуллар эса қайтарилмаган. Фирмаларнинг аксарияти лицензияга эга бўлмаган, уларнинг бир қисми жаримага тортилган.