
Европа минтақасида сил билан касалланишнинг ҳар бешинчи ҳолатига ташхис қўйилмаяпти ёки рўйхатга олинмаяпти. Бу ҳақда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси ва Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Европа марказининг (ECDC) ушбу касаллик бўйича эпидемиологик назоратга доир қўшма маърузасида айтилади. Ҳисобот 2026 йил 24 март — Бутунжаҳон силга қарши кураш кунига бағишланган.
Маърузада қайд этилишича, Европа ва Марказий Осиёнинг 53 давлатини ўз ичига олган ЖССТ Европа минтақасида сил касаллигини тугатиш бўйича минтақавий ва глобал мақсадли кўрсаткичлар ҳамон бажарилмаяпти. Бу ҳам сил ҳолатларини аниқлаш муаммосида, ҳам дори воситаларига чидамлилик даражасида намоён бўлмоқда, бу кўрсаткич бошқа минтақаларга қараганда сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда.
«Сил касаллиги кечки босқичларда аниқланган одамлар инфекцияни бошқаларга юқтириш эҳтимоли юқори ва бундай ҳолатларни даволаш қийинроқ кечади. Сил юқиши ҳолатларининг кўпайиши даволаш самара бермаётган одамлар сонининг ортишига олиб келиши мумкин, бу эса дори воситаларига чидамлилик ривожланишининг асосий сабаби», — дея тушунтириш берди экспертлар.
2015 йилдан бери Европа минтақасида сил билан касалланиш 39 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 49 фоизга камайган бўлса-да, ҳар икки кўрсаткич «2025 йилгача силни йўқ қилиш стратегияси»даги 50 фоиз ва 75 фоизлик мақсадли кўрсаткичлардан анча паст.
2024 йилда минтақанинг 53 давлатидан 51 тасида 161 569 та янги ва такрорий сил ҳолатлари (ҳар 100 минг кишига 17,2 ҳолат) қайд этилган. Янги ҳолатларнинг 23 фоизи кўп сонли дори воситаларига чидамлиликка эга — дунёдаги 3,2 фоизлик кўрсаткич билан солиштирганда. Шундай қилиб, бу кўрсаткич умумжаҳон қийматидан 7 баравар юқори. Минтақада аввал даволанган сил ҳолатларининг 51 фоизи рифампицин антибиотигига чидамлиликка эга (дунёда 16 фоиз).
«Европа минтақасида сил билан касалланган ҳар бешинчи одам ҳамон соғлиқни сақлаш хизматлари эътиборидан четда қолмоқда. Бу шунчаки ҳолатларни аниқлашдаги хатолик эмас — бу даволашни эртароқ бошлаш, азоб-уқубатлардан қочиш ва инфекциянинг кейинчалик юқишини тўхтатиш учун бой берилган имкониятдир. Биз ютуқларга эришдик: 2015 йилдан бери сил ҳолатлари 39 фоизга, ундан ўлим ҳолатлари эса 49 фоизга камайди. Бироқ, бу тараққиёт суръатлари ҳали ҳам етарли эмас ва дориларга чидамли сил энг жиддий хавфлардан бири бўлиб қолмоқда», — дея ҳисобот хулосаларини шарҳлади ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге.
Ўзбекистонда сил билан касалланиш кўрсаткичлари
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича мамлакатда сил билан касалланиш кўрсаткичи ҳар 100 минг кишига 33 та ҳолатни ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 3,5 фоизга паст. Шу билан бирга, ўлим кўрсаткичи 0,8 даражасида сақланиб қолди.
Дори воситаларига чидамли сили бўлган беморларни даволаш самарадорлиги 86,9 фоизга етди (2024 йилга нисбатан 10,2 фоизга кўп), деб аниқлик киритди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.