Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 26/03/2026

Янги Тошкентда Ипак йўли мамлакатларига бағишланган маҳаллалардан иборат мажмуа барпо этилади

Президент Шавкат Мирзиёевга Янги Тошкент ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган «Буюк ипак йўли» лойиҳаси тақдимот қилинди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи доирасида 6000 гектар майдонда ишлар олиб борилмоқда. Ушбу босқич якунлангач, 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан Янги Тошкент 2 миллион аҳолига мўлжалланган замонавий мегаполисга айланади.

«Майдони 32 гектар бўлган „Буюк ипак йўли“ мажмуасини Янги Тошкентнинг энг муҳим ижтимоий ва маданий марказларидан бирига айлантириш режалаштирилган», — дейилади хабарда. Унда турар жой ва тижорат объектлари, меҳмонхоналар, маданий ва таълим марказлари, шунингдек, бошқа замонавий инфратузилма объектлари жойлашади.

Концепцияга кўра, мажмуа Буюк ипак йўлининг турли цивилизацияларига бағишланган тематик маҳаллаларни ўз ичига олади. Ҳар бир маҳалла Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган у ёки бу мамлакатни ифодалайди.

Тақдимотда «Ўзбекистон» маҳалласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ердаги ҳар бир бино, ҳар бир кўча ва майдон орқали халқимиз тарихи, маданияти ва қадриятларини акс эттириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, қатор музейларни реновация қилиш режалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Самарқанддаги реконструкция қилинаётган Имом Мотуридий мажмуасида музей ташкил этиш мўлжалланган. Баҳоуддин Нақшбанд илмий-инновацион музейи мазмунини бойитиш бўйича ҳам таклифлар илгари сурилди.

Бундан ташқари, президентга Темурийлар тарихи давлат музейини замонавий музеологик ва дизайн ечимларидан фойдаланган ҳолда реновация қилиш режаси ҳақида ахборот берилди. «Кўргазма залларини қайта режалаштириш ва ташриф буюрувчиларга юқори сифатли визуал ва таълим тажрибасини таклиф этиш кўзда тутилмоқда», — дейилади хабарда. Ҳар бир зал алоҳида тарихий давр ва мавзуга бағишланади.

Давлат раҳбари лойиҳаларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.