Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 25/03/2026

Ўзбекистонда 12 та ботаника боғи ва 16 та дендропарк ташкил этилади

«Яшил макон» дастури доирасида ботаника боғлари ва дендрология паркларини ривожлантириш концепцияси тақдим этилди. Агар ботаника боғлари ўсимликларни ўрганиш, сақлаш ва намойиш этишга йўналтирилган бўлса, дендропарклар — дарахт ва бута турларини интродукция қилиш ҳамда илмий асосланган ҳолда парваришлашга хизмат қилади.

Ҳозирги вақтда мамлакатда 3 та ботаника боғи фаолият кўрсатмоқда. Лойиҳа доирасида яна 12 та ботаника боғи ва 16 та дендропарк ташкил этиш режалаштирилган. Ҳар бир ҳудуд учун тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ўсимлик турлари танлаб олинади.

2028 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар бирининг майдони камида 100 гектар бўлган ботаника боғлари ва дендропарклар барпо этиш кўзда тутилмоқда. 2030 йилга бориб кўкаламзорлаштириш даражаси 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошиши, PM2,5 ва PM10 концентрацияси 20–25 фоизга камайиши, иқлими мураккаб ҳудудларда эса ўртача ҳарорат 1,5–2 даражага пасайиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида майдони 108 гектар бўлган Миллий дендрология парки концепцияси алоҳида тақдим этилди. Унда 50 минг туп дарахт ва 100 минг туп бута экиш режалаштирилган. Лойиҳа ҳаво сифатини яхшилаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва шаҳар микроиқлимини шакллантиришга қаратилган — ҳаво ҳароратининг 2–4 даражага пасайиши ва намликнинг 10–15 фоизга ошиши кутилмоқда.

Парк нафақат яшил ҳудуд, балки илмий-маърифий макон сифатида ҳам лойиҳалаштирилган. Бу ерда турли иқлим минтақаларига мансуб ўсимликлар коллекцияси, доривор ўсимликлар боғи, оранжереялар, дам олиш зоналари, велосипед ва пиёдалар йўлаклари пайдо бўлади. Марказий қисмда 1 гектар майдонга эга бўлган, атрофида сакура боғи жойлашган сунъий кўл барпо этиш режалаштирилган.

Инфратузилма қуёш панеллари ва томчилатиб суғориш тизимлари каби экологик технологияларни ўз ичига олади. Парк, шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) учун тадқиқот базасига айланади.

«Экомаданият» лойиҳаси доирасида экологик таълим тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 та ҳудудда Green University тизимига интеграциялашган «яшил техникумлар» ташкил этилади. 2028/2029 ўқув йилига келиб таълим олувчилар сони 10 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Шунингдек, тақдимотда саҳроланишга қарши курашиш стратегияси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон ҳудудининг қарийб 70 фоизи арид (қурғоқчил) ҳудудларга тўғри келиши, ерларнинг 70 фоиздан ортиғи деградацияга учрагани, бундан кўриладиган йиллик иқтисодий зарар эса 830 млн долларни ташкил этиши таъкидланди.

Шу муносабат билан Green University ҳузурида саҳроланиш жараёнларини бошқариш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи хаб ҳисобланган минтақавий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Унинг таркибида 15 та лаборатория очиш ва сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда ГИС-технологияларидан фойдаланган ҳолда ерларнинг рақамли мониторингини жорий этиш режалаштирилган.

Тақдимот якунида давлат раҳбари таклиф этилган ташаббусларни маъқуллаб, уларнинг экологик барқарорлик, аҳоли саломатлиги ҳамда шаҳар ва қишлоқ муҳити сифатини оширишдаги аҳамиятини қайд этди.

Тошкентда бугунги кунда жамоат парклари майдони қарийб 893 гектарни ташкил этади, бироқ бир аҳолига тўғри келадиган яшил майдон миқдори меъёрдаги 17–19 кв. м ўрнига атиги 2 кв. м ни ташкил этмоқда, деб хабар берган эди урбанизация қўмитаси раҳбари Шерзод Қудбиев. Муаммони ҳал қилиш учун 140 гектар майдонда 9 та парк ташкил этиш режалаштирилган.