
Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмонов 2026 йил 18 февраль куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида пойтахтдаги криминоген вазият бўйича маълумотларни тақдим этди. У жиноятларнинг умумий сони камайганини, бироқ кибержиноятлар улуши ортганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда Тошкентда 30,6 мингта жиноят рўйхатга олинган бўлиб, бу 2024 йилги кўрсаткичдан (32,1 мингта) 4,7 фоизга кам. Шу билан бирга, барча ҳуқуқбузарликларнинг ярмидан кўпи — 16,25 мингтаси ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган.
Прокуратурада қайд этилишича, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жумладан, жиноятчилик сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва хавфларни барвақт аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Асосий эътибор жиноятчиликнинг реал даражасини белгилаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган.
Президентнинг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сонли қарори ижроси доирасида пойтахт маҳаллаларида ишлар кучайтирилди. Вазият энг мураккаб бўлган 108 та ҳудудга (70 та «қизил» ва 38 та «сариқ» тоифадаги) давлат органлари раҳбарлари бириктирилди, ҳудудий прокуратуралар ҳузурида штаблар ташкил этилди.
Идоралараро штаб ходимлари «йўл хариталари» ижросини, жумладан, ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини ва уларнинг ягона электрон тизимга киритилишини назорат қилмоқда.
Текширувлар давомида жиноятларни яшириш ҳолатлари аниқланди: жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги 954 та ноқонуний қарор (537 таси идора, 417 таси туманлар даражасида) бекор қилинди ва кейинчалик улар бўйича иш қўзғатилди. Улардан 23 таси оғир жиноятларга киради, яна 3 та ҳолат рўйхатга олмаслик орқали яшириш билан боғлиқ.
Бундан ташқари, терговга қадар текширув ва жиноятларни тергов қилиш устидан кучайтирилган назорат ўрнатилди. Хусусан, иш қўзғатишни рад этиш ҳақидаги 124 та қарор, шунингдек, жиноят ишларини тугатиш ёки тўхтатиш ҳақидаги 70 та қарор бекор қилинди.
Кибержиноятчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда: охирги беш йил ичида уларнинг сони 164 баравар ортган. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар прокуратураси бундай жиноятларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича 4 та таклиф ишлаб чиқди. Улар Бош прокуратурага юборилган ва қонунчилик ташаббуси доирасида қўллаб-қувватланган.
Шунингдек, «E-material» тизимида жиноятлар ҳақидаги аризаларни рўйхатга олиш, уларни холис текшириш ва ўз вақтида қонуний қарорлар қабул қилиниши устидан назорат таъминланди.
2026 йил 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик ва фирибгарликка қарши курашиш бўйича ишини танқид қилиб, тизим мавжуд таҳдидларга бардош бера олмаётганини таъкидлаган эди.
У шунингдек, ИИВ тизимидаги 186 млрд сўмлик талон-торожлик ҳолатини эслатиб ўтди, бунинг натижасида собиқ юқори лавозимли амалдорлар ҳибсга олинган. Йиғилиш якунларига кўра, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ҳамда шаҳар прокурори в.б. Анвар Ўрмонов ҳайфсан олган эди.