
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 2026–2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Асосий йўналишлар қаторида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, шунингдек, саҳроланишга қарши курашиш масалалари ўрин олган.
«Тоза ҳаво» лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши меъёрларидан юқори бўлган ҳолатлар қайд этилаётгани таъкидланди. Бундай вазият Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термизда ҳам кузатилмоқда. Саноатнинг ўсиши, углеродли ёқилғидан фойдаланиш, автомобиллар сонининг кўпайиши, табиий шароит ва назоратнинг етарли эмаслиги асосий омиллар сифатида кўрсатилди.
2030 йилгача чиқиндилар ҳажмини камайтириш, саноат корхоналарида уларни тутиб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган ифлосланишни камайтириш ва PM2,5 меъёрларидан ошган кунлар сонини қисқартириш режалаштирилган.
Тақдимотга кўра, 2026 йилнинг январь-февраль ойларида Тошкентда PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайганлиги қайд этилган. Келгусида ҳудудларда ифлосланиш манбаларини диагностика қилиш, ягона мониторинг тизимини яратиш ва чиқиндиларни инвентаризация қилишни ўз ичига олган алоҳида дастурлар жорий этилади.
Саноатда автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар ва чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги корхоналар учун бундай тизимларни ўрнатиш ва маълумотларни ягона геоинформацион тизимга интеграция қилиш мажбурий бўлади. Қоидабузарлар учун компенсация тўловларини 10 баравар ошириш режалаштирилмоқда.
Қурилиш соҳасида ҳам талаблар кучайтирилмоқда. Янги йирик объектлар учун кўкаламзорлаштириш улушини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни олиб чиқиш учун махсус тизимлардан фойдаланиш, ҳимоя тўсиқлари ва онлайн кузатув камераларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Шунингдек, «шамол йўлаклари» деб аталувчи ҳудудларни сақлаб қолиш, лойиҳалашда экологик экспертизани ҳисобга олиш ҳамда шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш мастер-режасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Транспорт соҳасида ёқилғи стандартларини босқичма-босқич кучайтириш назарда тутилган. Хусусан, 2026 йилдан автотранспорт учун «Евро-4», 2030 йилдан эса «Евро-5» стандартига ўтиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, автомобилларнинг стикерлар («қизил», «сариқ», «яшил») ёрдамида экологик таснифини жорий этиш, техник кўрикни экологик талаблар билан боғлаш, эскирган автопаркни янгилаш дастури ва жамоат транспорти улушини ошириш кўзда тутилган. Бу чоралар, айниқса, йирик шаҳарлар марказларида ифлосланиш даражасини пасайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Табиий чанг даражасини пасайтириш чоралари сирасига Тошкент атрофида яшил белбоғ яратиш, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида яшил тўсиқлар шакллантириш, сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш ва фавворалар сонини кўпайтириш киради. Шунингдек, хазонларни компост ва мульчага қайта ишлаш ҳам режалаштирилган.
Аҳолининг экологик маданиятини ошириш мақсадида «10 минг қадам» ташаббусини тиклаш, «Соғлом турмуш тарзи» платформасини ишга тушириш, Самарқандда GEF-8 ассамблеяси ва Eco Expo Central Asia 2026 халқаро кўргазмасини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда аҳоли ўртасида ҳар куни юриш ва югуришни тарғиб қилиш учун яратилган 1hls.uz «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишга туширилган эди. Июнь ойида 10 минг қадам учун кунига 3000 сўмдан тўловлар бошланганди. 2022 йилнинг май ойида тизим фаолияти тўхтатилган эди.