
2026 йил 23 мартдан 7 апрелгача Амир Темур хиёбони ҳудуди ободонлаштириш ишларини олиб бориш учун ёпилади, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
Метронинг хиёбон ҳудудига чиқиш йўллари вақтинча ёпилади. Туташ кўчаларда транспорт ҳаракати чекланмайди.
Пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва қисман янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ҳамда суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари режалаштирилган.
«Янгиланаётган суғориш тизими сувдан янада оқилона фойдаланиш ва мавжуд яшил майдонларни самарали суғоришни таъминлаш имконини беради», — дейилади хабарда.
Ҳокимлик «бирон бир мавжуд дарахт ёки бутага зарар етказилмаслигини, аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштиришни кучайтириш ишлари кўзда тутилганини» маълум қилди.
Таъмирлаш ишлари 2026 йил 8 апрель куни нишонланадиган саркарда ва Темурийлар империяси асосчиси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги билан боғлиқ. Шу йилдан бошлаб апрель ойи Ўзбекистонда Амир Темур ойи деб эълон қилинган.