Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/03/2026

Ўзбекистон энг бахтли мамлакатлар рейтингида 53-ўринда қолди

Ўзбекистон World Happiness Report 2026 талқинига кўра дунёнинг энг бахтли мамлакатлари рейтингида 53-ўринни сақлаб қолди. Мамлакатдаги бахт даражаси 10 баллдан 6,283 баллга баҳоланди.

World Happiness Report рейтинги ҳар йили 20 март куни нишонланадиган Халқаро бахт куни муносабати билан эълон қилинади. Маъруза Оксфорд университетининг Фаровонликни ўрганиш тадқиқот маркази томонидан Гэллап институти ва БМТ билан ҳамкорликда, аҳолининг ҳаёт сифати ҳақидаги сўровномалари асосида тайёрланади.

Тадқиқот 140 та мамлакат ва ҳудуддан келган 100 мингга яқин кишининг жавобларига асосланган. Респондентлардан «Кантрил зинапояси» тести ёрдамида ҳаётдан мамнунлик даражасини баҳолаш сўралади (ўн босқичли шкала бўлиб, бунда 10 — энг яхши ҳаёт, 0 — энг ёмон ҳаёт).

Бундан ташқари, тузувчилар аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ, эркинлик даражаси, коррупцияни қабул қилиш ва кутилаётган умр кўриш давомийлиги каби омилларни ҳам ҳисобга олишади. Янги маъруза ижтимоий тармоқлар ва рақамли технологияларнинг фаровонликка, айниқса ёшлар ўртасидаги таъсирига бағишланган.

МДҲ давлатлари орасида кучли элликталикка яна фақат Қозоғистон кирди — 33-ўрин (ўтган йилги рейтингга нисбатан 10 поғона юқорилаган). Қирғизистон 66-ўринда, Молдова — 77, Россия — 79-ўринда жойлашди. Тожикистон 88-ўринни, Арманистон — 89, Озарбайжон — 102-ўринни эгаллади.

Финляндия тўққизинчи бор дунёнинг энг бахтли мамлакати деб топилди. Ундан кейинги ўринларни Исландия (2), Дания (3), Коста-Рика (4) ва Швеция (5) эгаллади. Биринчи ўнталикка, шунингдек, Норвегия (6), Нидерландия (7), Исроил (8), Люксембург (9) ва Швейцария (10) кирди.

Афғонистон ҳамон дунёнинг энг бахтсиз мамлакати бўлиб қолмоқда (147). Охирги ўринлардан, шунингдек, Ботсвана (143), Зимбабве (144), Малави (145) ва Сьерра-Леоне (146) жой олди.

Маърузанинг асосий хулосалари

Ижобий ҳиссиётлар ҳамон салбийларга қараганда икки баравар кўпроқ учрайди, лекин шу билан бирга салбий ҳиссиётлар дунёнинг барча минтақаларида тобора кенг тарқалмоқда. Улар АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда яшовчилардан ташқари, ёшлар орасида камроқ кузатилади.

Ғарбнинг кўплаб саноатлашган давлатлари ҳозирда 2005–2010 йиллардаги даврга қараганда камроқ бахтли: уларнинг 15 тасида бахт даражасининг сезиларли пасайиши кузатилган бўлса, фақат тўрттасида сезиларли ўсиш қайд этилган.

Интернетдаги фаоллик икки гуруҳга бўлинади. Мулоқот, янгиликлар, таълим ва контент яратиш ҳаётдан мамнунлик даражасининг юқорилиги билан боғлиқ. Ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ва кўнгилочар мақсадларда веб-саҳифаларни кўриш фаровонликнинг паст баҳоланишига олиб келади.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўлами ва моделлари барча мамлакатларда ўхшаш, бироқ уларнинг ҳаётни баҳолаш билан боғлиқлиги инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар ва Ғарбий Европада кучлироқ. Бироқ, бу фарқлар ушбу мамлакатлардаги ёшлар фаровонлиги даражасининг сезиларли даражада пасайишини тўлиқ тушунтириб бермайди. Кўп нарса ижтимоий тармоқлардан қандай фойдаланишга ва кенгроқ ижтимоий-иқтисодий контекстга боғлиқ.