
Uzbekistan Airways давлат авиакомпанияси турли хил ташиш шартлари ва хизматлар тўпламига эга бўлган авиабилетлар нархининг бир неча даражасини назарда тутувчи брендланган тарифлар тизимини жорий этмоқда. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар берди.
Компания маълум қилишича, янги тизим йўловчилар учун танлов имкониятини кенгайтириш ва авиаташувлар мослашувчанлигини оширишга қаратилган. Тарифлар багаж меъёрлари, чипталарни алмаштириш ва қайтариш шартлари, учиш санасини ўзгартириш имконияти ва бошқа сервис вариантлари билан фарқланади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ички йўналишларида брендланган тарифлар жорий этилади. Lite базавий тарифи бўйича минимал нархлар қуйидагича белгиланди:
- Тошкент — Андижон — 235 230 сўмдан (нашр этилган вақтда яқин ойлар учун минимал нархлар 349–391 минг сўм атрофида кўрсатилган)
- Тошкент — Самарқанд — 235 230 сўмдан (387–391 минг сўм)
- Тошкент — Наманган — 235 230 сўмдан
- Тошкент — Фарғона — 235 230 сўмдан
- Тошкент — Бухоро — 276 741 сўмдан
- Тошкент — Термиз — 401 275 сўмдан
- Тошкент — Урганч — 484 298 сўмдан
- Тошкент — Нукус — 484 298 сўмдан (670–768 минг сўм)
Авиакомпания аниқлик киритишича, кўрсатилган нархлар минимал ҳисобланади ва харид санаси, жойлар мавжудлиги ҳамда тариф шартларига қараб ўзгариши мумкин.
Брендланган тарифлар тизими халқаро йўналишларда ҳам — эконом ва бизнес-класс учун қўлланилади. Чипталар нархи киритилган хизматлар ва фойдаланиш шартларига қараб фарқланади.
Бундан ташқари, қайтарилмайдиган тарифли чипталардан фойдаланилмаганда, йўловчиларга ёқилғи йиғими ва бронь қилиш йиғимидан ташқари, фойдаланилмаган участкалар учун барча тўлов ва йиғимлар қайтариб берилади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил давомида ички рейсларнинг ўртача нархлари 51,9 фоизга, халқаро рейсларники эса 7,2 фоизга ошган.