Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 22/03/2026

Ўзбекистонлик аёл футболчилар Филиппинга имкониятни бой беришди, бироқ Жаҳон чемпионати учун курашни давом эттирадилар

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш (плей-офф) босқичида Филиппин терма жамоасига мағлуб бўлди. Австралияда ўтказилаётган Осиё Кубоги доирасидаги ушбу учрашув 0:2 ҳисобида якунланди.

Голлар иккинчи бўлимда киритилди. Анжела Бирд (47′) ва Жаклин Савицкий (52′) ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Гуруҳ босқичида Ўзбекистон жамоаси “B” гуруҳида иштирок этиб, учта ўйин ўтказди. Дастлабки турда терма жамоа КХДРга (0:3), сўнгра Осиёнинг амалдаги чемпиони — Хитойга (0:3) имкониятни бой берди. Якуний баҳсда жамоа Бангладешни 4:0 ҳисобида мағлуб этди ва учинчи ўринни эгаллаган энг яхши жамоалардан бири сифатида чорак финалга йўл олди.

Чорак финалда Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяга йирик — 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Плей-оффдаги мағлубиятга қарамай, жамоа Бразилия мезбонлик қиладиган 2027 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятини сақлаб қолди. Терма жамоа қитъалараро плей-оффда иштирок этади.

Турнир 10 та жамоа иштирокида икки босқичда бўлиб ўтади. 2026 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган биринчи босқичда ФИФА рейтингида пастроқ ўринни эгаллаган олтита терма жамоа (жумладан, эҳтимол Ўзбекистон ҳам) ўзаро куч синашади. Энг яхши икки жамоа финал раундига чиқади.

Иккинчи босқичда уларга юқорироқ рейтингга эга бўлган яна 4 та терма жамоа қўшилади. 6 та жамоа 3 та жуфтликка бўлинади ва ҳар бир жуфтликда биттадан ҳал қилувчи ўйин ўтказилади. Ушбу учрашувлар ғолиблари 2027 йилги Жаҳон чемпионатининг сўнгги йўлланмаларига эга бўлишади.

Регламентга кўра, битта конфедерация аъзоси бўлган жамоалар ўзаро ўйнамайдилар.