Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 22/03/2026

Ўзбекистонда Каллибек Камалов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади

Ўзбекистон ҳукумати 2026 йил 16 март куни давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камалов таваллудининг 100 йиллигини жорий йилда кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шўролар даврида кўп йиллар давомида Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилган Каллибек Камалов февраль ойида, юз йиллик юбилейига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганда вафот этган эди. Сўнгги йилларда у Қорақалпоғистон фахрийлари жамоатчилик кенгашига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Каллибек Камаловнинг туғилган кунида, 18 март куни Нукус шаҳрида унинг хотирасига ифторлик берилди.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунида Нукусда «Уч авлод учрашуви» тадбири ва конференция ўтказилиши, шунингдек, Қорақалпоғистоннинг собиқ раҳбари ҳақида ҳужжатли фильм яратилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, у ҳақида китоб нашр этиш, хотира кечалари, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган. У яшаган уйга хотира лавҳаси ўрнатилади.

Каллибек Камалов Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, республика коммунал хўжалиги вазири, автотранспорт ва шоссе йўллари вазири лавозимларида ишлаган.

1958–1959 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитаси котиби, 1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси, 1963–1984 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитасининг биринчи котиби бўлиб фаолият юритган. 1984–1986 йилларда СССРнинг Констанцадаги (Руминия) бош консули бўлган.

1987 йилда «пахта иши» бўйича ҳибсга олинган. 1989 йил охирида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ва кўплаб мукофотларидан маҳрум қилинган. Кейинчалик, ушбу иш бўйича ҳукм қилинган бошқа шахслар қаторида афв этилган.