Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 21/03/2026

АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг аксарияти Эрон билан урушга қўшилишдан бош тортди — Трамп

АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг аксарияти Вашингтонни Эрондаги Америка ҳарбий операциясига аралашишни истамасликлари ҳақида хабардор қилганини маълум қилди.

«НАТОдаги «иттифоқчиларимиз»нинг аксарияти Қўшма Штатларга Яқин Шарқдаги… Эронга қарши ҳарбий операциямизга аралашишни истамасликларини билдиришди. Ваҳоланки, деярли барча давлатлар хатти-ҳаракатларимизни қатъий қўллаб-қувватлайди ва Эронга ҳеч қандай ҳолатда ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди», — деб ёзди Трамп 17 март куни Truth Social ижтимоий тармоғида.

«Уларнинг бу ҳаракатлари мени ҳайратда қолдирмайди, чунки мен ҳар доим НАТОга бир томонлама ҳаракатланувчи кўча сифатида қараганман. Биз бу давлатларни ҳимоя қилиш учун йилига юзлаб миллиард доллар сарфлаймиз, биз уларни ҳимоя қиламиз, лекин улар биз учун ҳеч нарса қилмайди, айниқса қийин дамларда», — дея қўшимча қилди АҚШ Президенти.

У АҚШ ва Исроил Эрон армияси, флоти ва ҳарбий-ҳаво кучларини йўқ қилганини, шунингдек, Эрон раҳбарларини «деярли барча бўғинларда» ўлдирганини яна бир бор таъкидлади. Трампнинг сўзларига кўра, шу муносабат билан АҚШ энди НАТО давлатлари ёрдамига муҳтож эмас. «БИЗ ҲЕЧ ҚАЧОН МУҲТОЖ БЎЛМАГАНМИЗ! Бу Япония, Австралия ёки Жанубий Кореяга ҳам тегишли. […] БИЗ ҲЕЧ КИМНИНГ ЁРДАМИГА МУҲТОЖ ЭМАСМИЗ!» — деди Америка етакчиси.

Кейинроқ Оқ уйнинг Овал кабинетида Ирландия Бош вазири Михол Мартин билан учрашув чоғида Трамп НАТО давлатларини уруш бўйича тутган позицияси учун танқид қилишда давом этди.

«Менимча, НАТО жуда аҳмоқона хатога йўл қўймоқда. Ҳамма биз билан келишади, лекин ҳеч ким ёрдам беришни хоҳламайди. Биз, АҚШ, буни ёдда тутишимиз керак, чунки бу биз учун анча шокирувчи туюлмоқда», — деди.

Эроннинг урушдан кейинги келажаги ва АҚШ зарбаларни қачон тўхтатиши ҳақидаги саволга Трамп, агар Вашингтон урушни ҳозирнинг ўзида тугатса, Теҳрон йўқ қилинган нарсаларни тиклаши учун 10 йил керак бўлишини айтди.

«Лекин биз ҳозирча кетишга тайёр эмасмиз. Бироқ яқин келажакда кетамиз», — деди АҚШ Президенти.

Axios нашрининг ёзишича, Оқ уй ва АҚШ Давлат департаменти Эрон томонидан тўсиб қўйилган Ҳурмуз бўғозини ҳимоя қилиш бўйича халқаро коалиция тузиш устида ишламоқда. Бўғоз орқали дунё нефтининг 15−20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг 30 фоиздан ортиғи ўтади. Кемалар қатновининг тўхташи нефть нархининг бир баррель учун 100 долларгача кўтарилишига олиб келди.

Axios манбасига кўра, Трамп маъмурияти Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Австралия, Канада, Форс кўрфази давлатлари ва Иордания коалицияга киришини истаган. АҚШ, шунингдек, Япония ва Жанубий Кореяга ҳам мурожаат қилган.

2026 йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши зарбалар беришни бошлади. Урушнинг бошидаёқ ҳаво ҳужуми натижасида Эрон олий раҳбари Али Хаменеи ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан Форс кўрфази мамлакатларидаги Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилмоқда.

«Катта еттилик» (G7) давлатлари раҳбарлари 2026 йил 11 март куни бўлиб ўтган онлайн учрашувда урушнинг ўсиб бораётган иқтисодий оқибатлари фонида Ҳурмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш учун Дональд Трампни Эрон билан урушни имкон қадар тезроқ тугатишга чақирдилар.