
“Газета.Уз”нинг хабар беришича, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Буюк ипак йўли кўчасида туну кун фаолият юритадиган туристик кўча ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқ пойтахт ҳокимлигининг 2026 йил 13 февралдаги қарори билан тасдиқланган.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг ушбу қарори (73−14−0-Q/26) жамоатчиликдан яширилган ва хизмат доирасида фойдаланиш учун (ХДФ) шаклида эълон қилинган.
Лойиҳа буюртмачиси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳисобланади. 3 март куни лойиҳа-қидирув ташкилотини аниқлаш бўйича ўтказилган тендерда Ak-Saray Construction Project компанияси ғолиб бўлди ва ўз хизматлари учун 400,05 млн сўм таклиф қилди.
Ҳужжатга кўра, туристик кўчанинг узунлиги тахминан 1,54 км ни ташкил этади (аниқ узунлик лойиҳалаштириш босқичида белгиланади, у «Буюк ипак йўли» метро бекатидан «Salom» кафесигача давом этади). Ишларнинг тахминий қиймати 23,8 млрд сўмга баҳоланмоқда, бироқ якуний сумма кейинроқ аниқлаштирилади.
Лойиҳа туристик зонанинг туну кун ишлаши учун инфратузилма яратишни назарда тутади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида турар жой объектларини қуриш кўзда тутилмаган.
Топшириққа кўра, лойиҳалаштиришда шаҳарсозлик, экология, санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормалари талабларига риоя этилишини таъминлаш зарур. Лойиҳада суғориш тармоқларини ётқизиш, йўлаклар қуриш, кўча ва декоратив ёритиш чироқларини ўрнатиш, ўриндиқлар қўйиш, болалар ва воркаут майдончалари, шийпонлар ва велойўлаклар яратиш, шунингдек, бош режа ёки мастер-план ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ишлар Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси ва кўчанинг қизил чизиқларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилиши керак, чунки ҳудуд «консервация» зонасига киритилган. Лойиҳада, шунингдек, кичик дам олиш масканлари ва микроскверлар ташкил этиш, чиқинди қутиларини ўрнатиш ва кечки ёритиш тизимини ривожлантириш режалаштирилган.
Ҳаракатни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади: транспорт оқимларини, жумладан юк ва енгил транспорт воситаларини тақсимлашни ҳисобга олиш зарур. Кўча тоифаси ҳаракат интенсивлиги ва таркибидан келиб чиқиб белгиланади.
Лойиҳа ташкилотига кўча концепциясини ишлаб чиқиш, мавжуд биноларни модернизация қилиш ва янги қурилиш вариантларини таклиф қилиш топширилган.
Шунингдек, лойиҳада одамлар оқимини ҳисобга олган ҳолда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, ўтиш жойлари (жумладан «зебра»лар), шунингдек, ер усти ва ер ости ўтиш жойларини қуриш бўйича таклифлар бўлиши керак. Муҳандислик тармоқларини қизил чизиқларни ҳисобга олган ҳолда кўча бўйлаб жойлаштириш тавсия этилади.
2025 йил октябрь ойида ҳоким Шавкат Умурзоқов пойтахтнинг гастрономик ва туристик кўчаларини ободонлаштириш учун яна 1 трлн сўм ажратилишини маълум қилган эди. Бундай майдонларнинг 24 км қисмини ободонлаштириш ва 30 минггача янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
2025 йил сентябрь охирида пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров депутатларга Янги Сергели ва Қатортол кўчаларини туну кун фаолият юритадиган зонага айлантириш, шунингдек, Бўзсув канали бўйлаб сайр қилиш зонасини яратиш лойиҳаларини тақдим этган эди.
Бу каби кўчалар аллақачон пойтахтнинг кўплаб туманларида ташкил этилган. Аввалроқ Тошкентда 26 та кўчани туну кун ишлайдиган зоналарга айлантириш, шунингдек, бундай графикда ишловчи муассасалар сонини 1000 тага етказиш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.