
Рамазон ҳайити кунларида Ўзбекистон «ер юзининг турли минтақаларидаги барча уруш ва можаролар тезроқ тўхташини, барча халқлар учун тинч ва осойишта ҳаёт» тилайди, деди президент Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан йўллаган табригида.
«Ҳозирги ниҳоятда мураккаб халқаро вазиятда оила ва маҳаллаларимизда, бутун юртимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонлик муҳитини асраш, ёшларимизни бизга ёт бўлган бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда», — деб таъкидлади.
«Бу борада биз катта ҳаётий тажрибага эга муҳтарам фахрийларимизга, зиёлилар ва уламоларимизга, маҳалла фаоллари ва ташаббускор ёшларимизга таянамиз», — деди президент.
«Ушбу шукуҳли лаҳзаларда ер юзидаги тинчлик ва осойишталик учун Яратганга шукроналар айтамиз», — дейилади табрикда.
Шавкат Мирзиёев жорий йилда Рамазон ойи арафасида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни даволатиш учун 1 триллион сўм маблағ ажратилганини эслатиб ўтди — бу сўнгги 35 йил ичида илк бор шундай катта ҳажмда амалга оширилди. Кўплаб мамлакатларда ватандошлар учун ифторлик тадбирлари ўтказилди.
«Бу олижаноб ишлар муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига тўла мос келади» ва «инсон манфаатларини таъминлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизнинг амалий натижаси», деб кўрсатиб ўтди давлат раҳбари.
«Бугун Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янада муҳим босқичига қадам қўймоқда. Барча соҳа ва тармоқлардаги кенг кўламли янгиланиш жараёнлари туфайли ўсиш ва юксалиш суръатлари ортмоқда. Маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом цивилизациясининг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда», — деди президент.
У пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятида эса Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилишини халқимиз учун муносиб туҳфа деб атади. Самарқандда Имом Мотуридий мажмуасини реконструкция қилиш ишлари ҳам давом этмоқда.
Яқин кунларда Тошкентда халқаро бағрикенглик ва динлараро мулоқот маркази иш бошлайди. «Ишончим комил ва бу Ўзбекистоннинг миллатлараро ва динлараро ҳамкорлик, тинчлик ва дўстлик мамлакати сифатидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади», — деди Шавкат Мирзиёев.