Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/03/2026

Президент саккиз йил давомида қурилган Ислом цивилизацияси марказини очди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини очди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Гиннеснинг рекордлар китобига номзод

Хабарда айтилишича, марказ тарих, маданият ва ислом цивилизациясини ўрганиш ҳамда оммалаштириш соҳасида дунёдаги энг йирик мажмуалардан бирига айланди, унинг кўлами эса Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун асос бўла олади.

Марказ Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида 10 гектар майдонда қурилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, унинг узунлиги 161 метр, кенглиги 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метрга етади, умумий фойдали майдони эса 42 минг квадрат метрдан ошади.

Бино Шавкат Мирзиёевнинг меъморий ғоя ва таклифлари асосида лойиҳалаштирилган, деб қайд этади Президент матбуот хизмати. Унга тўрт томондан — тўртта асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи арклари маърифат, бағрикенглик, инсонпарварлик ва ота-онага ҳурмат ғояларини ифодаловчи Қуръон оятлари ва ҳадислар билан безатилган.

Ер ости қаватида болалар учун махсус платформа, реставрация ва рақамли нусха кўчириш лабораторияси, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмаларни сақлаш фондлари, замонавий кафетерий ҳамда музей вестибюллари жойлашган.

Биринчи қаватда майдони қарийб 8350 квадрат метр бўлган кўргазмалар залига эга музей ва 550 ўринли конференция зали ўрин олган. Иккинчи қаватда Мусулмонлар идораси, қўлёзма ва литографик манбалар, босма ва электрон адабиётлар фондига эга кутубхона, қироатхоналар жойлашган, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар учун шароитлар яратилган.

100 дан ортиқ нодир Қуръон қўлёзмалари

Марказнинг маънавий юраги ноёб экспозицияларга эга Қуръон зали ҳисобланади. Гумбаз остида махсус мэппинг-голограмма яратилган бўлиб, унда аввал коинот тасвири пайдо бўлади, осмонда юлдузлар милтиллайди. Юлдузлар композицияси Тошкент осмонида кечаси кўринадиган юлдузлар харитаси асосида шакллантирилган. Юлдузлар сифатида 90 та Swarovski тоши ва 650 дан ортиқ ёритгичлардан фойдаланилган.

Бу ерда Усмон Мусҳафи (Усмон Қуръони — Қуръоннинг қўлёзма нусхаларидан энг қадимийси, ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» реестрига киритилган) билан бир қаторда, мамлакатга тегишли бўлган, турли сулолалар ҳукмронлиги даврида яратилган 114 та нодир Қуръон қўлёзмаси тўпланган. Улар орасида Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва бошқа даврларга оид нодир нусхалар бор.

Марказ фондидаги қадимий манбалар сони 2000 тадан, Қуръоннинг нодир қўлёзмалари эса 60 тадан ошади. Уларнинг барчаси ватандошлар томонидан сақланиб келинган ва тақдим этилган, шунингдек, халқаро аукционлар орқали сотиб олинган.

Алоҳида қимматга эга қўлёзмалар сирасига хаттот Султон Муҳаммад томонидан 1589 йилда саккиз бурчак шаклида тайёрланган ва тумор сифатида ҳам ишлатилган «Бозубанд» Қуръон қўлёзмаси; Сафавийлар даврида хаттотлик ва китоб санъати гуллаб-яшнаган даврни акс эттирувчи XVII асрга оид нафис нусха; хаттот Муҳаммад ибн Абд ал-Ҳодий томонидан 1872 йилда мағрибий ёзув услубида яратилган нодир қўлёзма киради.

Шунингдек, Салжуқийлар даврига оид XII—XIII асрларга мансуб, хаттот Муҳаммад Содиқ ибн Муҳаммад Шафий томонидан насх услубида кўчирилган ва сатрлар орасига форс тилидаги таржимаси берилган ноёб нусха намойиш этилмоқда. Баъзи қўлёзмаларда Самарқанд, Ҳирот ва Бухоро ёзув мактаблари анъаналари намоён бўлади.

Марказ аллақачон халқаро нуфузли ташкилотлар ва нашрлар эътирофига сазовор бўлди. У Франциянинг «Авиценна» мукофоти билан тақдирланди, АҚШнинг Смитсон институти Smithsonian Magazine журнали талқинига кўра, 2026 йилда очилиши энг катта қизиқиш билан кутилаётган дунёдаги 10 та музей қаторида қайд этилди. Conde Nast Traveler журнали уни 2026 йил июнь ойида ташриф буюриш мумкин бўлган музейлар рўйхатига киритди, BBC Travel канали эса уни дунёдаги энг кўп кутилаётган музейлардан бири деб атади.

Хабар қилинишича, Ўзбекистон музейшунослик амалиётида илк бор халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда барча музей экспонатларининг кимёвий таркиби ва яратилган вақти аниқланди, шунингдек, уларнинг технологик паспортлари тайёрланди.

Экспонатлар ISO халқаро стандартларига мувофиқ рақамлаштирилди ва ягона электрон платформага жойлаштирилди. ЮНЕСКО ва ИКОМ (Халқаро музейлар кенгаши) талаблари, шунингдек, дунёнинг етакчи музейлари тажрибаси асосида 8 та йўналиш бўйича экспонатлар этикетажининг эталонлари ва классификациялари ишлаб чиқилди. Ҳар бир экспонатдаги QR-кодлар орқали ташриф буюрувчилар уч тилда (келгусида саккиз тилда) видео ва аудио контент билан танишишлари мумкин.

«Ҳар ким учун очиқ музей»

Марказ «Ҳар ким учун очиқ музей» концепцияси асосида ижтимоий интеграция майдончаси сифатида ўйланган. Келажакда барча экспонатларга махсус электрон чиплар ўрнатиш ва кўзи ожизлар учун автоматик аудиогид тизимини жорий этиш режалаштирилган. Bluetooth-маёқчалар ёрдамида бино ичида мустақил ҳаракатланиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.

Келгусида Британия музейи, Лувр ва Метрополитен музейларида бўлгани каби робот-гидлар, видео ва аудио танишув учун планшетлар, шунингдек, аудиогидлар, радиогидлар ва йўналтирувчи қулоқчинлардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, марказга кунига ўртача 5000 нафарга яқин ташриф буюрувчи келади. Марказ ва музейнинг тўлақонли фаолият юритиши учун 400 дан ортиқ ходим жалб этилиши режалаштирилган. Ҳозирда 100 дан ортиқ махсус тайёргарликдан ўтган назоратчи ва 30 дан ортиқ экскурсовод ишламоқда. 10 та давлатдан келган сайёҳлар учун алоҳида гид матнлари ишлаб чиқилган.

Марказ кутубхонаси 3105 квадрат метр майдонни эгаллайди. Унинг фондида аллақачон 45,1 мингдан ортиқ нашр мавжуд бўлиб, улардан 2609 таси нодир нусхалар. Шунингдек, 350 мингта электрон нашр мавжуд. У бир вақтнинг ўзида 310 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиши мумкин. Олимлар ва профессорлар учун илмий фаолият юритиш учун зарур бўлган замонавий техника ва қулайликлар билан жиҳозланган 4 та алоҳида кабинет яратилган.

Кутубхона бўлимларидан бири 22 нафар жадид маърифатпарвари меросига бағишланган. Фондни Ўзбекистоннинг буюк мутафаккирлари ва олимлари ҳаёти ва ижодига оид нодир нашрлар билан бойитиш режалаштирилган. Унга буюк олимларнинг қўлёзма ва литографик асарларининг илк нашрлари, шунингдек, уларнинг илмий меросини ўрганишга бағишланган нодир тадқиқот ва шарҳлар киритилган.

Кутубхонада шунингдек, мусулмон сулолалари, туркий халқлар тарихи ҳақидаги лотин тилидаги асарлар, Шарқ халқлари ҳақидаги энциклопедиялар, шунингдек, ХХ асргача нашр этилган Хуросон ва Мовароуннаҳрга бағишланган саёҳат хотиралари каби ноёб Европа нашрлари тақдим этилган. Фонд хусусий коллекциялардан сотиб олинган нодир манбалар, масалан, Носируддин Рабғузийнинг «Қисаси ул-анбиё» асари, Алишер Навоийнинг XIX аср бошларида Тошкентда кўчирилган девонлари, шунингдек, Мавлоно Жалолиддин Румий асарларининг туркий таржималари билан бойитилган.

Кўришида нуқсони бўлган ва кўзи ожизлар учун махсус заллар ташкил этилган, ихтисослаштирилган дастурлар, принтер ва қурилмалар ўрнатилган, шунингдек, Брайль алифбосидаги 1000 дан ортиқ нашрлар келтирилган.

Ўзбекистонда илк бор товуш ўтказмайдиган кабиналар ташкил этилди, улар фойдаланувчиларга атрофдагиларга халақит бермасдан онлайн мулоқот қилиш имконини беради ва шу билан бирга суҳбатлар ҳамда шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлайди. Аудиоресурслар билан ишлаш учун мўлжалланган Sonic chair қурилмаси бутун Марказий Осиёда биринчи бўлиб жорий этилди, деб қайд этилади хабарда.

Кутубхона ҳудудида китобхонлар учун яшил ҳудуд, нусха кўчириш хизмати, индивидуал машғулотлар учун махсус кабинетлар ва болалар учун алоҳида майдонча ташкил этилган.

Президент марказ ҳузурида ташкил этилган халқаро илмий-маърифий платформа фаолияти билан танишди. Унинг доирасида АЙСЕСКО, ИРСИКА, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франциядаги Темурийлар ассоциацияси, ТУРКСОЙ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг офислари очилган.

Ноёб артефактлар

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, марказга совға қилинган ва чет элдан сотиб олинган қимматбаҳо артефактлар экспозицияси билан танишди.

2025 йили Буюк Британиядаги Sotheby’s ва Christie’s аукционларида арт-дилерлар ва хусусий коллекционерлардан 700 дан ортиқ артефакт сотиб олинган. 1000 дан ортиқ буюмлар турли муассасалар, ташкилотлар ва меценатлар томонидан ҳадя қилинган. Ушбу экспонатларнинг асосий қисми биринчи қаватдаги музейга жойлаштирилган.

Экспозицияда Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва бошқа даврларга оид нодир артефактлар тақдим этилган. Х аср охирига мансуб, сомонийлар саркардаси Абу Мансур Себуктегин исми туширилган, тилла суви юритилган кумуш баркаш (патнис), Сомонийлар даврига оид кумуш коса ва мис сиёҳдон; Олтин Ўрдада Ўзбекхон ҳукмронлиги даврига оид, феруза билан безатилган аёллар камари; Усмонлилар империяси даврига оид «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» ёзувлари туширилган XIX аср зардўзлик намуналари эътиборни тартади.

Темурийлар даври сопол санъати намуналари, Мадинадаги Пайғамбар Муҳаммад қабрларини ёпиб турган XIX асрга оид ипак ёпқич, Каъба эшиги тепасига осилган хизаманинг (кисванинг юқори қисмидаги камар) тарихий намунаси, шунингдек, катта ҳажмдаги «сўзаналар онаси» намойиш этилган. Амир Темур даврида Умар Ақта томонидан кўчирилган катта Қуръон парчалари, Темурийлар даври меъморий обидаларининг сопол кошинлари элементлари, шунингдек, Бобурийлар даври қурол-аслаҳалари тақдим этилган.

Бу ерда Амударё хазинаси билан боғлиқ топилмалар ҳам бор. 1877 йилда Бухоро амирлиги ҳудудидан топилган ва ҳозирда Британия музейида сақланаётган хазина буюмларининг баъзиларини Лондон савдо уйлари орқали Ўзбекистонга қайтаришга муваффақ бўлинди. Улар орасида VIII—IX асрларга мансуб, сўғд чавандози тасвирланган олтин пекторал ва Бақтрия даврига оид, вазни 666 грамм бўлган илон шаклидаги ноёб билакузуклар бор.

Марказга ҳадя қилинган артефактлар орасида АҚШда яшовчи шарқшунос Александр Наймарк томонидан совға қилинган Паҳлавон Маҳмуд қўлёзмасини қайд этиш мумкин. Қўлёзма Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг шахсий имзоси билан кўчирилган бўлиб, уни ўрганиш жараёнида 70 дан ортиқ янги рубоийлар аниқланди. Шунингдек, турли даврларга оид тангалар, тақинчоқлар, медальонлар ва бошқа тарихий буюмлар, жумладан, Майский қўрғонидан топилган хазина намуналари тақдим этилган.

«Бугун биз ўзлигимизни англаш йўлида катта воқеа гувоҳи бўлдик. Яратганга шукрки, шу тўққиз йил ичида, эзгу ният, тинимсиз меҳнат ва қатъият билан, кимлигимизни, халқимиз кимлигини, тарихимиз қандайлигини ҳаққоний акс эттирувчи мажмуани яратдик. Бу ерга келган ҳар бир киши, айниқса ёшларимиз қандай буюк аждодларнинг авлоди эканимизни билиши ва англаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бу улкан лойиҳа шунчаки чизма эмас. Уни қалб яратди, уни муҳаббат, орзулар ва эзгу интилишлар яратди. Қуръон сақланадиган ўша муқаддас зал ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У қалбдан, халқимизнинг орзуларини, унинг буюклигини, маънавий қудратини кўрсатиш истагидан туғилди. Бу лойиҳа — олижаноб интилишларнинг, буюк халқимизнинг асл қиёфасини гавдалантиришга қаратилган ҳаракатларнинг мевасидир», — деди Президент.