
Ўзбекистонда иқтисодиётнинг таянч тармоқларида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини тизимли назорат қилиш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кенгаши ташкил этилади. Давлат раҳбари бу ҳақда 2026 йил 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги йиғилиш якунлари бўйича маълум қилди.
Кенгаш тоғ-кон, металлургия, кимё саноати ва нефть-газ сектори каби «таянч соҳалардаги» лойиҳаларни мувофиқлаштиради.
«Эндиликда ушбу тармоқларда ишлар ўз вақтида ва камчиликларсиз бажарилишини таъминлаш учун доимий назоратнинг янги механизми жорий этилади. Бунинг учун президент раҳбарлигида саноат кенгаши тузилади», — деди Шавкат Мирзиёев «O‘zbekiston 24» телеканали сюжетида.
Президент таъкидлаганидек, кенгаш иши доирасида йирик корхоналарни трансформация қилишни бошқаришнинг мунтазам механизмини жорий этиш режалаштирилган.
Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Жамшид Хўжаевга тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефть-газ тармоқларидаги ҳар бир йирик корхона бўйича иш режаларини ҳар ой тасдиқлаш топширилди.
«Ушбу режалар халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш, маҳсулот бирлиги учун таннарх ва энергия сарфини камайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш, кооперация орқали маҳаллий таркиб улушини ошириш, барча жараёнларни рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш, шунингдек, инвестициялар ва экспорт ҳажмини оширишни назарда тутади. Тасдиқланганидан сўнг улар кўриб чиқиш учун президентга киритилади», — деди давлат раҳбари.
Масъул шахсларга ҳар ойда танқидий таҳлил асосида ва жойларга чиққан ҳолда ушбу режаларнинг ижросини корхоналар кесимида муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва ҳар чорак якуни бўйича натижалар ҳақида ҳисобот тақдим этиш топширилди.