
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи давомида тоғ-кон саноатида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари 2030 йилгача қазиб олиш ҳажмини қуйидагича ошириш вазифаси қўйилганини маълум қилди:
- олтин — 175 тоннагача (2025 йилда 118,4 тонна бўлган),
- кумуш — 500 тоннагача,
- уран — 15 минг тоннагача,
- мис — 500 минг тоннагача.
Ушбу мақсадларга эришиш учун лойиҳаларни аниқ жадвал асосида амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, молиялаштириш, қурилиш, логистика, технология ва кадрлар таъминоти масалаларини мувофиқлаштирилган ҳолда ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.
ОКМК лойиҳалари ва янги қувватлар
Йиғилишда Олмалиқ КМКдаги лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги босқичларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, мажмуанинг технологик давоми бўлиши кутилаётган, қиймати 2,5 млрд долларлик янги мис эритиш заводи лойиҳаси муҳокама қилинди (унинг қурилиши арафада бошланган). Президент техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишни тезлаштириш, хорижий экспертларни жалб қилиш ва қисқа муддатларда қурилишга киришиш бўйича топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёев сув таъминоти, транспорт ва энергетика инфратузилмаси, экологик талаблар ва замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда, 4-мис бойитиш фабрикаси (4-МБФ) учун ТИА ишлаб чиқишга халқаро компанияларни жалб этиш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Инвестициялар ва 2026 йил учун режалар
2026 йилда соҳада 2,2 млрд доллар инвестиция жалб этган ҳолда 90 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Қазиб олиш кўрсаткичлари белгилаб берилди:
- мис — 172,5 минг тонна,
- олтин — 120 тонна,
- кумуш — 210,5 тонна,
- уран — қарийб 8000 тонна.
Мирзиёев истиқболли конлар бўйича ТИА тайёрлашни тезлаштириш ва экспертизанинг янги механизмлари доирасида ташкилий-ҳуқуқий жараёнларни соддалаштириш вазифасини қўйди.
Кўмир, металлургия ва камёб металлар
Давлат раҳбари кўмир саноатидаги лойиҳаларни ҳам муҳокама қилди, унда қазиб олишни кўпайтириш ва аҳоли ҳамда саноатга кўмир етказиб беришни ошириш кўзда тутилган.
Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти доирасида «Мурунтов» конини (дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири, НКМК олтин қазиб олишининг қарийб 60 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади) кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи, янги конларни ўзлаштириш, мураккаб рудалардан олтин ажратиб олиш технологияларини жорий этиш, шунингдек, қатор йирик лойиҳалар бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
2026 йил бошида президент «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ва кумуш конларида 2,3 млрд долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилишини маълум қилган эди. «Натижада йилига 18 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватлари яратилади ва 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади», — деган эди.
Металлургия секторида «Ўзметкомбинат»да ишлаб чиқаришни кўпайтириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Технологик металлар комбинати фаолияти кўриб чиқилиб, селен, теллур ишлаб чиқаришни ривожлантириш, кукунли металлургия ва бошқа юқори технологик материаллар бўйича вазифалар белгиланди.
Харажатларни камайтириш, маҳаллийлаштириш ва геология-қидирув
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳсулот таннархини ва энергия сарфини камайтириш, ресурслардан янада самарали фойдаланиш дастурларини ишлаб чиқишни топширди. Давлат харидлари ва кооперацияда маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш кўзда тутилган — бу йил у 2 млрд доллардан ошиши керак.
Президент геология-қидирув ишларини фаоллаштириш, олтин, кумуш, мис, уран ва руҳ захираларини кўпайтириш, шунингдек, инвесторларга янги участкалар ва лойиҳаларни, жумладан, истиқболли углеводород конларини таклиф қилиш зарурлигини таъкидлади.
Кадрлар ва илм-фан
Соҳадаги 22 млрд долларлик лойиҳалар доирасида 38 мингта иш ўрни яратиш, жумладан 7500 нафар муҳандис ва 14 минг нафар ўрта бўғин мутахассисларига бўлган эҳтиёжни қондириш режалаштирилган.
Шу муносабат билан қуйидагилар топширилди:
- олий ўқув юртлари ва техникумларнинг таълим дастурларини мослаштириш,
- дуал таълимни жорий этиш,
- таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқани кучайтириш,
- илмий тадқиқотларни корхоналарнинг амалий вазифаларига йўналтириш.
Шунингдек, олийгоҳлар ва тадқиқот ташкилотларини жалб қилиш учун долзарб илмий мавзуларни эълон қилиш тизими яратилади.