
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ФВБ Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўлими инспектори пул қайтараётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тергов талқинига кўра, инспектор ўз ваколатли ҳамкасблари орқали Олмазор туманида жойлашган хусусий клиниканинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати бўйича ижобий хулоса олиб беришни ваъда қилган. Февраль ойида у клиника раҳбаридан 6,5 млн сўм олган. Бироқ, турли сабабларни рўкач қилиб, инспектор ваъдасини бажармаган, шу сабабли клиника раҳбари берилган пулларни қайтаришни талаб қилган.
ДХХ ходимлари прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида инспектор илгари олинган пулларни қайтараётган вақтида ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Инспекторга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бир ҳафта олдин Тошкентнинг Янгиҳаёт тумани ФВБ бўлими кичик инспектори маҳаллий МЧЖ раҳбаридан 1500 доллар олаётган вақтида қўлга олинган эди. ДХХ маълумотларига кўра, у ҳамкасблари орқали корхонада ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги воситаларини қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириб бериш учун пул талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, охирги икки ой ичида Тошкентдаги Aviator ва Park in Mall савдо-кўнгилочар марказларида 2 та ёнғин юз берди. Биринчи ёнғинда бир бола ҳалок бўлган, иккинчисида жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган. Aviator СКМдаги фожиадан сўнг Ўзбекистон бўйлаб ўхшаш объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши бўйича текширувлар бошланган. ФВВ қўпол қоидабузарликлар аниқланган тақдирда объектлар фаолияти тўхтатилишини маълум қилган.