
Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилмоқда. Бу президентнинг 2026 йил 13 мартдаги фармонида кўзда тутилган.
Академия Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази негизида ташкил этилади. У қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи, соҳага инновацияларни жорий этувчи ҳамда илмий кадрлар тайёрловчи давлат илмий муассасасига айланади. Шунингдек, академия қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилувчи илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Ҳужжат билан академиклар корпусини шакллантириш тартиби тасдиқланди. Унинг аъзолари учун қуйидаги тоифалар белгиланди:
- ёш академик — илмий соҳада самарали фаолият юритаётган ва етакчилик қобилиятига эга бўлган, фан доктори (DSc) илмий даражасига эга 40 ёшгача бўлган олимларга танлов асосида берилади;
- академия профессори — профессор илмий унвонини олган олимлар ҳамда юқори илмий салоҳиятга эга ёш академиклар орасидан номзодларга танлов асосида берилади;
- ҳақиқий аъзо (академик) ва мухбир аъзо — қишлоқ хўжалиги соҳасида катта ютуқларга эришган, ўзлари яратган ишланмалар ва юқори иқтисодий ҳамда ижтимоий самарадорликка эга инновацион технологияларни кенг миқёсда жорий этган, шунингдек, уларни оммалаштириш бўйича хизматларни ташкил қилган фан докторлари ва профессорлар орасидан танлов асосида сайланади.
Академикларнинг илк сайловини 2026 йилда ўтказиш режалаштирилган. Ўшанда академиянинг ҳақиқий аъзолиги учун учта, мухбир аъзолиги учун эса бешта ўрин ажратилади.
Академия аъзолари учун молиявий ва ижтимоий имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан:
- ҳақиқий аъзолар (академиклар) Фанлар академияси академиклари учун белгиланган миқдорда ҳар ойлик гонорар оладилар;
- мухбир аъзоларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,81 баравари миқдорида гонорар берилади.
Ҳар икки тоифага ҳам Фанлар академияси аъзолари учун белгиланган тиббий хизмат кўрсатиш ва санаторийларда соғломлаштириш бўйича имтиёзлар татбиқ этилади.
Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун академия ҳузуридаги қишлоқ хўжалигида илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига Республика бюджетидан қўшимча равишда 50 млрд сўмгача маблағ ажратилади.
2023 йилда ташкил этилган Қишлоқ хўжалигида фундаментал тадқиқотлар маркази (Center of Excellence) ҳам академия тузилмасига киради. У глобал иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсири ва шўрланиш каби мавзуларни ўрганиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли, генетик жиҳатдан янгиланган нав ва дурагайларини яратиш бўйича фундаментал тадқиқотлар майдончасига айланади.
Академиянинг ташкил этилиши аграр секторнинг илмий базасини мустаҳкамлаш, тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва мамлакат қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этишни тезлаштириш имконини бериши кутилмоқда.