Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 19/03/2026

Ўзбекистон ва Қозоғистонда суратга олинган «Амир Темур» тарихий фильми 120 та мамлакатда намойиш этилади (видео)

Ўзбекистон ва Қозоғистонда суратга олинган «Амир Темур» тарихий фильмининг премьераси 2026 йил 2 апрель куни бўлиб ўтади, дейилади лойиҳа матбуот хабарида.

Фильм XIV аср ўрталаридаги воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Ўша пайтда Мўғуллар империяси парчаланганидан кейин Буюк ипак йўли минтақасида сиёсий беқарорлик юзага келган эди. Сюжет шахсий йўқотишлар ва оғир жароҳатдан сўнг ҳокимият учун курашни бошлаб, рақибларига қарши турган ва ўз мавқеини тиклаган ёш Темурга қаратилган.

Лойиҳа 16+ ёш тоифасига мансуб тарихий ҳарбий эпос сифатида тақдим этилмоқда. Фильм Mystery Box халқаро продакшн компанияси томонидан 7SABER ва BWG Production билан ҳамкорликда суратга олинган.

Бош ролни актёр Кристиан Мортенсен ижро этган, у шунингдек лойиҳа продюсери сифатида ҳам қатнашган. У Лондон саҳнасидаги Шекспирнинг «Кориолан» ва «Генрих V» спектаклларидаги иштироки, шунингдек, Medal of Honor: Warfighter глобал лойиҳасидаги бош роли билан танилган. Актёр барча триукларни мустақил равишда бажарган.

Темурнинг рафиқаси Ўлжай ролини таниқли ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова ижро этган. Фильмда шунингдек, «Ведьмак» сериалидаги Вильгефорц ва «Марко Поло» сериалидаги Аҳмад роллари билан танилган Махеш Жаду — у Ҳусайн ролини ижро этган ва мўғулистонлик актриса Дулгуун Одху — у Ҳусайннинг рафиқаси Сарой ролида намоён бўлган.

Иккинчи даражали ролларда Марказий Осиё давлатлари актёрлари, жумладан Жандос Айбасов, Еркебулан Дайиров ва Санжар Мади иштирок этган.

Фильм режиссёри Iron Cowboy лойиҳаси ва «Танланганлар» (The Chosen) сериали устида ишлаган Жейкоб Шварцдир. Ижрочи продюсер ва сценарий ҳаммуаллифи сифатида тадбиркор Беҳруз Ҳамзаев иштирок этган.

Трюкларни саҳналаштириш билан «Мулан», «Марко Поло» ва «Тўхтатиб бўлмас 2» каби фильмларни яратишда қатнашган Nomad Stunts жамоаси шуғулланган.

Матбуот хабарига кўра, фильмни дистрибуция қилиш ҳуқуқи аллақачон 120 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларга сотилган. Улар қаторида МДҲ давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь), Яқин Шарқ (БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва бошқалар), Европа (Франция, Испания, Германия, Туркия), Осиё (Япония, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Мўғулистон), Лотин Америкаси ва Африка бор.

Фильм ижодкорлари таъкидлаганидек, ушбу картина «кино маданиятига улкан таъсир кўрсатган “Гладиатор”, “Мард юрак”, “Сўнгги самурай”, “Қирол гапиради!” каби буюк тарихий эпослар анъанасини давом эттиради».