
2026 йил 15 март куни Ўзбекистоннинг иккита авиакомпанияси томонидан Дубайга амалга оширилаётган рейслар БАА ҳаво ҳудудининг қисман ёпилиши муносабати билан Тошкентга қайтарилди.
Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, гап Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY333 рейси ва Centrum Air авиакомпаниясининг C6351 рейси ҳақида бормоқда.
Uzbekistan Airways хабар қилишича, 16 март куни HY333/334 Тошкент–Дубай–Тошкент рейслари бекор қилинган. Йўловчилар чипталарни бепул қайта брон қилишлари ёки маблағларини қайтариб олишлари мумкин.
Centrum Air хабарида айтилишича, компания вазият ривожини кузатиб бормоқда ва йўловчиларни ўзгаришлар ҳақида хабардор қилади.
Al Jazeera нашри БАА расмийларига таяниб хабар беришича, эрталаб Дубай халқаро аэропорти ҳудудида дрон ҳужумидан сўнг ёнилғи баки ёниб кетган. Аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилган.
2026 йил 10 мартдан бошлаб Ўзбекистон расмийлари Саудия Арабистони ва БААга йўловчи рейсларини амалга оширишга рухсат берган эди. Ушбу рейслар 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин тўхтатиб қўйилганди.