
Тошкентдаги 2026 йил март ойи давомида янгиланиши режалаштирилган автобус бекатларидаги 120 та дўкондан ярми (60 таси) ноқонуний қурилган. Аввалроқ ҳокимлик томонидан эълон қилинган ушбу маълумотни пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТТМ) Жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш бўлими бошлиғи Оллоёр Норбутаев яна бир бор таъкидлади.
Автобус бекатларини дўконлардан холи қилиш режалари ҳокимликнинг 2019 йилдаги қарори лойиҳасида кўзда тутилган эди. Шаҳар транспорт бошқармаси 2020 йилда маълум қилишича, бекатларда дўконларнинг мавжудлиги шахсий транспорт ҳайдовчиларининг нимадир сотиб олиш учун шу ерда тўхташига сабаб бўлади. Бундан ташқари, кўплаб бекатларда ёпиқ павильонлар барпо этилган бўлиб, дўкон эгалари уларни фақат иш вақтида очишади.
Бекатларнинг бузилиши ва тадбиркорлар ҳуқуқлари камситилиши билан боғлиқ танқидларга жавоб берар экан, Оллоёр Норбутаев ҳар бир бекатни бузиш бўйича суд қарори борлигини, дўконларнинг ноқонуний қурилиши ва фаолият юритиши факти бўйича эса бошқа назорат органлари билан биргаликда ўрганишлар олиб борилаётганини айтди.
Ўтган йил охирида ташкил этилган ЙҲТТМ март ойи бошида транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича 90 кунлик дастурни эълон қилган эди. Марказ энг серқатнов бўлган 472 км кўчани белгилаб олган бўлиб, у ерда вазиятни яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар амалга оширилади. Март ойи давомида 100 км кўчани қамраб олиш кўзда тутилган.
Ушбу 100 км масофада 380 та бекат жойлашган бўлиб, улардан 120 тасида дўконлар бўлган. Ҳар бир бекат бўйича ўрганиш ўтказилиб, улардан 60 тасида ноқонуний қурилмалар борлиги аниқланган, деди Оллоёр Норбутаев. Тошкентда жами 2600 га яқин бекат мавжуд бўлиб, улардан 750 таси дўконлар билан бирлаштирилган.
«Жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепциялари бекат майдони чегарасида савдо шохобчалари бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, юқори юклама вақтида кенгайтириш имкониятига эга етарли кенгликдаги платформалар ҳамда инклюзив муҳит яратилишини назарда тутади», — деб баёнот берган эди аввалроқ ҳокимлик.
Рухсат берувчи ҳужжатлари бўлган тадбиркорлар учун компенсация механизми — агар улар қонуний ишлаган бўлса, савдо шохобчаларини жойлаштириш учун бошқа ҳудудлардан жой бериш ваъда қилинган.
«Айтайлик, дўконлар ноқонуний ишлаган. Бунгача шаҳар ҳокимлиги қаерга қараган эди?» — деб сўради журналистлардан бири.
Оллоёр Норбутаев шундай жавоб берди: «Ҳар бир бекат бўйича ҳужжатлар кўтарилмоқда. У қандай ишлаган, неча кв. м майдонни эгаллаши керак эди, амалда қанча эгаллаган, қонуний ёки ноқонуний, [қанча солиқ тўлаган], ҳар бири бўйича иш олиб борилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича маълумот берамиз».
У мисол келтирди: «Буюк ипак йўли» метро бекати яқинида дўконли бекат бўлиб, у 200 кв. м майдонни эгаллаган, ваҳоланки ҳужжат бўйича тадбиркорда 10 кв. м жой бўлган (асосий фото).
ЙҲТТМ вакили ҳокимлик кимнингдир ҳуқуқларини камситишни мақсад қилмаганини таъкидлади. Қонуний ишлаган дўкон эгаларига бошқа жой, жумладан, шаҳарнинг барча туманларида очилаётган туристик кўчалардан жой берилади.
Вазият шу билан мураккаблашдики, узоқ вақт давомида бекатлар ҳокимлик балансида бўлмаган, деб хабар берди шаҳар маъмурияти матбуот котиби Гулноза Қосимова. Бекатларнинг 12 та турли эгаси бўлган: транспорт, ободонлаштириш бошқармалари ва ҳоказо. Кўриб чиқилаётган ҳудуддаги павильонларнинг асосий қисми 1995 йилдан 2005 йилгача қурилган.
Ҳозирда инвентаризация ишлари олиб борилмоқда ва барча объектлар босқичма-босқич ЙҲТТМ ихтиёрига ўтказилмоқда. Расмийлар қонуний бизнесни кўчада қолдирмасликка ваъда бермоқда: дўконлари бузилган тадбиркорларга туман ҳокимликлари савдо чаққон бўлиши кутилаётган туристик кўчалардан янги жойлар бериши керак.
ЙҲТТМ матбуот хизмати аниқлик киритишича, битта бекат павильонини янгилаш учун ўртача бир ҳафта вақт талаб этилади.