Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 16/03/2026

Ўзбекистонда электромобиллар савдоси бир йилда 1,5 бараварга ошди — ИТИМ

2026 йил февраль ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда барча турдаги автотранспорт воситаларининг савдоси 84,2 минг бирликни ташкил этди, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида сўз боради.

2026 йил январь ойи билан солиштирилганда автобозордаги фаоллик ҳам ошган. Савдо ҳажми 2 фоизга ёки тахминан 1600 та автомобилга кўпайган.

Савдонинг энг сезиларли ўсиши Самарқанд вилоятида қайд этилди, у ерда кўрсаткич 65 фоизга ошган. Шунингдек, Тошкент (+12%) ва Сирдарё (+7,2%) вилоятларида ҳам ижобий динамика кузатилди.

Янги автомобиллар

Февраль ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси қарийб 24 минг бирликни ташкил этди, бу январь ойидаги даражадан бироз паст. Шу билан бирга, йиллик ифодада савдо 10,7 фоизга ўсган.

Янги чет эл автомобиллари сегментида йиллик ўсиш янада сезиларли бўлди. 2025 йилнинг февраль ойига нисбатан савдо 1,5 бараварга ошиб, тахминан 3000 бирликка етди.

Шу билан бирга, 2026 йил январь ойига (4400) нисбатан савдо 31,8 фоизга камайган.

Электромобиллар

Енгил электромобиллар савдоси барқарор ўсишни намойиш этишда давом этмоқда. 2026 йил февраль ойида қарийб 6900 та электромобиль сотилган, бу бир ой олдингига (6100) нисбатан 14 фоизга кўп.

Йиллик ифодада электромобиллар савдоси ҳам 1,5 бараварга ошди, бу бозорнинг ушбу сегменти кенгайишда давом этаётганидан далолат беради, деб ёзади ИТИМ.

Электромобиллар савдосининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Февраль ойида пойтахтда қарийб 4500 та электромобиль сотилган, бу ушбу сегментдаги жами савдонинг тахминан 65 фоизини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил февраль ойида президент автомобиллар ишлаб чиқаришни 510 минг бирликка етказиш ва тармоқнинг 10,5 фоизлик ўсишини таъминлаш вазифасини қўйган эди. Шунингдек, у ставкаларни пасайтириш ва автокредитлаш ҳажмини ошириш масаласини кўриб чиқишни топширган.

Маълумот учун, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистонга 79 822 та енгил автомобиль импорт қилинган, бу миқдор жиҳатидан 2024 йилга (74 505) нисбатан 7,1 фоизга кўп. Шу билан бирга, доллар ҳисобидаги етказиб бериш ҳажми 8 фоизга — 1,28 млрд доллардан 1,17 млрд долларгача камайган.

Бензинли автомобиллар импорти 40 фоизга қисқарган бўлса, электромобиллар етказиб бериш 2,4 бараварга ошган. Натижада импорт таркибида электрокарлар улуши 32 фоиздан 71 фоизгача кўтарилган, ички ёнув двигателли машиналар улуши эса 44 фоиздан 25 фоизгача қисқарган.